Пиёз экспорти тўхтатилдими? Мутасаддилар изоҳ берди
Ижтитмоий тармоқларда экспорт тўхтатилгани учун Ўзбекистонда пиёз нархи тушиб кетгани ҳақида хабарлар тарқатилган эди. "Ўзбекозиқовқатхолдинг" компанияси ушбу масала бўйича изоҳ берди.
Компаниянинг маълум қилишича, Ўзбекистонда пиёз экспорти тўхтаб қолгани йўқ. Аксинча, жорий йил бошидан юртимиз ташқи бозорга ушбу маҳсулотни узлуксиз етказиб беришда давом этмоқда.
Хусусан, январь-февраль ойлари давомида 40 754 тонна пиёз экспорт қилинган. Март ойининг 10 санасигача бўлган муддатда эса 6 752,7 тонна пиёз Афғонистон, АҚШ, Болгария, Ироқ, Грузия, Беларусь, Молдова, Кипр, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Эрон давлатларига экспорт қилинган.
«Ўзбекистон ички ва ташқи бозорларга етарли даражада пиёз етказиб бериш салоҳиятига эга. "Ўзбекозиқовқатхолдинг" компанияси томонидан пиёз экспорт географиясини янада кенгайтириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Натижада жорий йилдан Ўзбекистон пиёзи учун Эрон, Покистон, Тожикистон каби янги бозорлар очилди.
Шунингдек, компания деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган пиёз маҳсулотларини ташқи бозорларда харидорларини топиш учун ёрдам кўрсатиб келмоқда.
"Ўзбекозиқовқатхолдинг" компанияси келгусида шу каби асосланмаган маълумотларнинг олдини олиш мақсадида, оммавий ахборот воситаларини Ўзбекистон мева-сабзавот экспортига оид таҳлилларни тайёрлашда ҳамкорлик қилишга чақиради», — дейилади компания Ахборот хизмати хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter