Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пиёдаларга берилган яшил шаҳар – «Дунё садолари» фестивалига бир назар

Пиёдаларга берилган яшил шаҳар – «Дунё садолари» фестивалига бир назар

Хонобод шаҳрига кириб келсангиз эътиборингизни тортган биринчи нарса яшиллик бўлади. Қаерга қараманг, дарахтзор, салқин жойлар. Бир пайтлар Тошкент ҳам шунақа бўларди.

Табиатни яхши кўрувчи одам учун ҳақиқий «Сусамбил» шу ерда. Шаҳар кўчалари, хиёбонларини сайр қилсангиз баҳри-дилингиз очилади. Охирги кунларда анча шов-шувга сабаб бўлган Маданият ва туризм вазирлиги томонидан ташкил этилган «Дунё садолари» халқаро миллий эстрада санъати фестивали айнан шу ерда бўлиб ўтмоқда.

Таъкидлаш лозим, фестивалга анча жиддий тайёргарлик кўрилган. Энг яхши ташаббуслардан бири эса шубҳасиз шаҳар тўлиғича пиёдаларга берилгани бўлди. Ташкилотчилар қарорига кўра Хонободга кириш барча автомобиллар учун ёпилган бўлиб хоҳ давлат машинаси бўлсин, хоҳ шахсий, валломати бўлмайдими, шаҳар ташқарисида қолади. Ичкарига фақат пиёда киришга рухсат бор. Махсус хизматларга тегишли (тез ёрдам, ўт ўчириш, ҳуқуқ-тартибот) автомобилларгина бундан мустасно. Таксига эҳтиёж сезган юртдошлар учун эса фестивал логотипи туширилган автомобиллар хизмат қилиб турибди.

Шу сабабга кўра ҳам шаҳар бошқача файз олган. Кўчаларни тўлдириб юрган одамларни кўриб кўз қувонади. Википедиянинг гувоҳлик беришича Хонободда 42 301 нафар одам истиқомат қиларкан, аммо кўчадаги издиҳомни кўриб бутун вилоят шу ерга кўчиб келган, деб ўйлайсиз.

Яна бир жиҳатни ҳам айтиб қўяйлик, Хонобод шаҳар ҳокимлиги биноси ҳеч қанақа панжара билан ўралмаган экан. Фуқаролар бемалол ҳокимлик биноси атрофида сайр қилиб юришибди, ҳеч кимга ҳалал беришмаяпти. Табиийки бино атрофи ҳам қуюқ дарахтзор...


Кеча фестивалнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Доимий, одатдаги дастур ҳақида индамай турамиз, аммо машҳур Boney M гуруҳининг чиқиши ҳақиқатан ҳам кеча безагига айланди. Бежизга вақтида дунёни эгалламаган бу гуруҳ.

Маданият ва туризм вазирлиги томонидан ташкил этилган фестивал яна икки кун давом этади. Унда бир неча давлатлардан келган 30 дан ортиқ иштирокчилар чиқиши кутилмоқда.

Xabar.uz ахборот-таҳлилий портали тадбир ва унинг атрофидаги ҳодисаларни кузатишда давом этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг