«Ўзбекнефтгаз»: Статистика ва Солиқ қўмиталари билан интеграция қилинган автоматлаштирилган «комплаенс назорат» дастури орқали манфаатлар тўқнашувига чек қўйилмоқда
Мамлакатимизда охирги беш йилда рақамлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бунга асосий омил бўлиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг барча соҳаларда рақамлаштиришга доир чиқарилаётган фармойиш ва қарорлари хизмат қилмоқда ва катта аҳамият касб этмоқда. Бугун рақамли Ўзбекистон, рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат, автоматлаштириш каби сўзларни кенг қўллай бошладик.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев ташаббуси билан соҳада коррупция ва талон-тарожликларни олдини олиш мақсадида, Молиявий ва комплаенс назорат департаменти ташкил этилиб, «комплаенс» тизими яратилди ҳамда ушбу давр мобайнида комплаенс соҳасида рақамлаштириш бўйича катта ишлар амалга оширилди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖда ҳам товар ва иш-хизматлар харидини амалга ошириш жараёнида харид қонунчилигига амал қилиш, унда белгиланган талаблар ва харидлар шаффофлигини таъминлаш, шунингдек коррупция хавф-хатарларини олдини олишга алоҳида эътибор берилиб келинмоқда.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ ижро аппарати фаолият самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичларини (KPI) ишлаб чиқиш ва жорий этиш» тўғрисидаги Жамият бошқарув қарори ҳамда 2020 йил 18 декабрда Жамият Бошқарув раиси томонидан берилган топшириқлари асосида автоматлаштирилган «комплаенс назорат» дастури яратилди.
Айтиш жоизки, ушбу дастур ҳар бир ходимнинг кунлик қилаётган иши ва келгусидаги режаларини назоратда ушлаш, таҳлил қилиш ва натижада ходимнинг кўрсатган кўрсатгичига қараб муносиб рағбатлантиришга хизмат қилади.
Комплаенс соҳасида рақамлаштиришнинг аҳамияти шундаки, рақамлаштириш орқали коррупцион хавф хатари юқори бўлган бўғинларда инсон омилини камайтиришга ва назорат жараёнини кучайтиришга эришилади.
Жамиятдаги мавжуд «1С шартнома» ва «Personal.ung.uz» дастурлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат Статистика қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси давлат Солиқ қўмитасининг маълумотлар базаси билан «комплаенс назорат» дастурини интеграция қилиниб, манфаатлар тўқнашуви модули яратилди. Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Солиқ қўмитасининг маълумотлар базаси орқали СТИР рақамлар ва корхоналар тўғрисидаги ҳамда Статистика қўмитасининг маълумотлар базаси орқали корхона ва ташкилотнинг бенифициари, таъсисчиси тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланилади.
Ушбу модул орқали ҳозирда «Ўзбекнефтгаз» АЖ билан харид жараёнларига киришаётган контрагентларнинг аффилланганлик ҳолатларини аниқлаш автоматлаштирилди. Бунда харид жараёнида иштирок этаётган контрагентни, яъни фирма раҳбари ва таъсисчиси исми шарифларини, Жамиятнинг «Personal.ung.uz» дастурига жойланган барча тизимдаги ходимлар ва уларнинг яқин қариндошлари исм шарифлари билан боғлиқ ҳолатларни автомат аниқлаб бериш имконияти вужудга келди.
Мисол тариқасида келтириш мумкинки, ходимнинг яқин қариндоши бирор фирма директори ёки хатто таъсисчиси бўлган ҳолда, «Ўзбекнефтгаз» АЖ билан харид жараёнларини амалга оширмоқчи бўлаётган вақтда дастур «Personal.ung.uz» тизимидаги бир неча ўн минг исмлар орасидан Жамият ходимининг укаси эканлигини аниқлаб беради.
Шунингдек, Манфаатлар туқнашувини олдини олиш мақсадида ишга кириш учун суҳбатга келаётган ходим тўғрисида маълумотлар комплаенс назорат дастури орқали, қариндош уруғлари ушбу ташкилотда бор-йўқлиги ўрганилиб, таҳлил қилинади. Агар тўғридан тўғри манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлган тақдирда, ушбу номзодга нисбатан Комплаенс назорат тизимининг масъуллари томонидан тегишли ҳулосалар берилади. Бу корхонанинг ИНН рақами ва раҳбарнинг исм шарифи орқали қидириш имкониятлари бўйича мисол.
Бундан ташқари ташкилотнинг номи орқали Жамият ходимларининг ўзларининг муқаддам ишлаган ташкилотлари ва яқин қариндошларининг ишлаётган жойлари бўйича солиштириб, эҳтимоллик даражалари билан боғлиқлик бор ёки йўқлигини аниқлаш имкониятлари ҳам қўшилди.
Юқоридаги комплаенс соҳасидаги рақамлаштириш ва назорат тадбирлари Жамиятнинг юқори ва қуйи бўғинлари ходимлари томонидан лавозим йўриқномасида юкланган вазифадан ташқари ўз манфаатлари йўлида бирор иш қилишдан олдин, ўйлаб кўришларини тақозо этади.
Таъкидлаш керакки, ўтган даврда «Ўзбекнефтгаз» АЖ тизимидаги корхоналар фаолияти ўрганилиб, аниқланган молиявий камчиликлар ва талон-тарожлик ҳолатларини олдини олиш бўйича барча чоралар кўрилди ҳамда самарали натижаларга эришилди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter