Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбекнефтгаз»: «Ишчи гуруҳ» томонидан Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасида газ қазиб чиқаришни кўпайтириш бўйича бажарилаётган ишлар ҳолати ўрганилмоқда

«Ўзбекнефтгаз»: «Ишчи гуруҳ» томонидан Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасида газ қазиб чиқаришни кўпайтириш бўйича бажарилаётган ишлар ҳолати ўрганилмоқда

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган қиш мавсумида аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан кенгайтирилган йиғилишда берилган вазифалар, шунингдек Президент Администрацияси раҳбари бошчилигида энергетика соҳасида юзага келган вазиятни барқарорлаштириш юзасидан ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида, «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги «Ишчи гуруҳ» аъзолари томонидан табиий газ қазиб чиқаришда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўрганилмоқда.

2023 йилда белгиланган табиий газ қазиб чиқариш режа кўрсаткичларига эришиш учун «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан 744 та геологик-техник тадбирлар ишлаб чиқилди ва уларни амалга ошириш бўйича ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Жумладан, Устюрт бошқармасида ҳам ушбу геологик-техник тадбирлар доирасида жами 102 та тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги «Ишчи гуруҳ» томонидан бошқармага ташрифнинг иккинчи кунида ушбу тадбирлар ижросининг ҳолати ҳамда жойларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар ўрганилди.

Дастлаб, «Арслон» конида ташкил этилган штабда қудуқларни бурғилаш ва капитал таъминлаш дастгоҳларида ишлаётган пудратчи ташкилотлар иш бошқарувчи муҳандис-техник ходимлари билан учрашув ўтказилди. Унда Бошқарув раиси томонидан мақсадга эришиш йўлида ғов бўлаётган мавжуд муаммоли масалаларни бартараф этиш чоралари бўйича кўрсатмалар берилди.

«Ишчи гуруҳ» томонидан мавжуд 19 та бурғилаш дастгоҳлари билан қудуқларни бурғилаш режа-жадваллари кўриб чиқилди. Биринчи навбатда, газ қазиб чиқариш кўрсаткичлари юқори бўлган қудуқларни ишга туширишни тезлаштириш мақсадида бурғилаш режа-жадваллари қайта тасдиқланди.

Ташриф доирасида «Арслон» комплекси қувватини ошириш мақсадида, қурилаётган 3-технологик тармоқдаги ишлар назорат қилинди. Бу ерда масъулларга ушбу технологик тармоқни қурилиш-монтаж ишларини жадаллаштириш бўйича зарур бўлган моддий техник ресурсларни харид қилиш ва етказиб бериш ишларини жадаллаштиришга доир топшириқлар берилди.

Қишнинг изғиринли совуқ кунларида Комплексда фаолият олиб бораётган ишчи-ходимларнинг иш ва яшаш шароитлари кўздан кечирилиб, зарур шарт-шароитларни яхшилаш бўйича масъулларга вазифалар берилди.

Айни вақтда табиий газ қазиб чиқаришни ошириш мақсадида, «Қуйи Сургил» конига қарашли 24-, 25-, 26-сонли, «Шимолий Бердақ» конидаги 114-, 117-сонли ишлатиш қудуқларида бурғилаш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ерда бурғилаш ташкилотлари ва Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбарияти билан биргаликда мавжуд муаммоли масалалар кўриб чиқилди ва ишларни жадаллаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Шу билан бир қаторда, кунлик газ қазиб чиқариш кўрсаткичлари барқарорлигини таъминлашга қаратилган «Шимолий Бердақ» конидаги 29-, 69-сонли, «Ғарбий Қуйи Сургил» конидаги 1-сонли қудуқлардаги капитал таъмирлаш ишлари ва «Қуйи Сургил» кони 15-сонли, 16-сонли қудуқларда маҳсулдор қатламда чуқурлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар назорат қилинди.

Бундан ташқари, Устюрт минтақасида углеводород заҳираларини ўстириш дастури доирасида «Бойлик» номли янги истиқболли майдонидаги 1- сонли ҳамда «Қуйи Сургил» конидаги 7-сонли қудуқларда олиб борилаётган бурғилаш жараёнлари билан яқиндан танишилди. Шунингдек, «Ғарбий Қуйи Сургил» конидаги 2 та қудуқда бурғилаш ишлари ҳамда ушбу кондан «Арслон» газни комплекс тайёрлаш қурилмасигача диаметри 426 мм лик газ узатиш қувурининг қурилиш монтаж ишлари ҳам ўрганилди.

Таъкидлаш жоизки, пудратчи - «Нефтгазмонтаж» МЧЖ томонидан айни пайтга қадар умумий узунлиги 9,2 км бўлган қувурлар тўлиқ олиб чиқилиб, 8,6 км пайвандлаш ишлари ва 4,2 км трассада ер ишлари бажарилди.

Ўрганиш давомида пудратчи ташкилот, Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбарияти ва тегишли департамент бошлиқлари зиммасига газ қувурини қисқа муддатда ишга тушириш учун ишчи кучларни купайтириш ҳамда газ қувури қурилиши бўйича зарур-чораларни кўриш бўйича топшириқлар юклатилди.

Маълумот учун: 2022 йилда Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан 4,4 млрд куб метр табиий газ қазиб олиниб, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 114,8 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткичларга эришиш учун жами 65 та геолого-техник тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 21 та янги газ қудуқи бурғиланиб, 39 та қудуқда капитал таъмирлаш ва интенсификация ишлари олиб борилди ва 5 та технологик объект ишга туширилди. Чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобига 1,05 млрд куб метр табиий газ, 27,5 минг тонна газ конденсати қазиб чиқарилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг