Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбеклар қанча пенсия олишни ўзлари белгилаши мумкин

Ўзбеклар қанча пенсия олишни ўзлари белгилаши мумкин

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистонда уч даражали пенсия таъминоти тизимига ўтилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев бугун бўлиб ўтган аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда айтиб ўтган.

Биринчи даражада давлат минимал пенсия миқдорини белгилайди. Иккинчи даражада ходимнинг иш ҳақидан муайян сумма ушланиб, унинг шахсий ҳисоб-варағида тўпланади ва Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасидан кам бўлмаган фоиз ҳисоблаб борилади. Учинчи даражада ходим пенсия жамғармасига ажратиладиган маблағ миқдорини ўзи белгилайди.

Бу тизим қўлланилса, фуқаро кафолатли давлат пенсиясини олиш билан бирга ўз хоҳишига қараб, пенсия ёшида қанча пенсия олишини ўзи белгилаш имконига эга бўлади.

Шу боис Молия вазирлигига Жаҳон банки ва нуфузли молия ташкилотлари экспертлари билан ҳамкорликда пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқиш, шунингдек, ижтимоий суғурта турларини қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилган.

Давлат раҳбари ҳозирги тизимни “шок терапияси” усулида ислоҳ қилиш аҳолининг ҳар хил қатламига турлича таъсир этишини айтиб, мутасаддиларга 2030 йилгача аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берган. Бунинг учун 2020 йил биринчи ярми якунигача аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича янги тизимни ҳар бир ҳудудда экспериментдан ўтказиш вазифаси қўйилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг