Ўзбекистоннинг икки партияси раҳбарлари кўчирмакашликда айбланишди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, «Адолат» СДП фракцияси раҳбари Зуҳра Ибрагимова ўзганинг мақоласини ўзлари номидан эълон қилишгани айтилмоқда.
«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директорининг маслаҳатчиси – Ахборот ва жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси бошлиғи, журналист, ҳуқуқшунос, халқаро муносабатлар магистри Шуҳрат Деҳқонов бу масалада ушбу фракция раҳбарларига очиқ хат йўллади.
«2021 йилнинг 30 июнь куни «Миллий тикланиш» газетасининг 22 (1124)-сонида менинг «Ёшлар – давлатнинг катта кучи, стратегик ресурси» номли мақолам эълон қилинди. Ушбу мақоламни янада кенгайтириб, факт ва рақамлар бойитиб, «Фаол ва ташаббускор авлод – Янги Ўзбекистон драйвери» номи билан Ўзбекистон Миллий аборот агентлигига тақдим этдим ва бу мақола ҳам 30 июнь куни ЎзА сайтида қисқартириб эълон қилинди. Анчагина изланганман, тер тўкканман, мия қотирганман, хуллас инжиқроқ одамман-да, кўнглим тўлмасдан бу мақолани тўлалигича ўзим ишлаётган «Тараққиёт стратегияси» марказининг сайтига ҳам бердим.
Эртасига, яъни жорий йилнинг 1 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг расмий сайтида Сизнинг (Улуғбек Иноятов назарда тутилмоқда – таҳр.) «Ёшлар манфаатлари йўлида кучимизни аямаймиз» номли мақолангизга кўзим тушиб, ҳайратдан ёқа ушладим. Чунки мазкур чиқишингизда Сиз айнан менинг мақоламни сўзлари тугул, нуқта вергулигача ўзгартирмасдан қандай бўлса, шундайлигича кўчириб олибсиз. Агар сарлавҳа бошқалиги ва сизнинг суратингизни кўрмаганимда, парламент менинг мақоламни ЎзАдан олиб босибди, дея хурсанд бўлишим табиий эди. Бироқ, бу очиқдан очиқ сўз ва фикр ўғирлиги эди, афсуски.
Боз устига, Президентимизнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасига муносабат тарзида ўзингизники бўлмаган мазкур мақолани 1 июль куни ЎзА сайтида ҳам тап тортмасдан эълон қилиб юборибсиз», деб ёзади Шуҳрат Деҳқонов.
Мақола муаллифи «Адолат» СДП фракцияси раҳбари Зуҳра Ибрагимовага мурожаат қилиб: «Муҳтарама Зуҳра Аметовна! Очиқ айтаман, Сиз плагиатликда ҳамкасбингиз Улуғбек Илясовичга қараганда анчагина «инсоф» қилгансиз. Лекин бунинг учун Сизга «раҳмат», дея олмайман. Чунки, Сиз ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайтида жорий йилнинг 1 июль куни ва 2 июль куни ЎзА сайтида эълон қилинган «Ўзбекистон ёшлар сиёсатида дунёга намуна бўлмоқда» номли мақолаларингизда менинг муаллифлик ҳуқуқимни поймол қилгансиз», деди.
Журналист мақоласидан ўғирлаб олинган сатрларни ҳам келтириб ўтган.
«Хуллас, Ўзбекистондаги иккита катта сиёсий партияни бошқариб келаётган, Спикер ўринбосари деган олий мақомга муносиб кўрилган Сиз ҳурматли шахсларнинг бу хурмача қилиғингиз мени нафақат таажжубга солди, балки ачиниш ҳисси ила чуқур ўйга ҳам толдирди. Ахир, Сизнинг ортингизда неча юз минг кишилик маслакдошларингиз турибди, қолаверса, олий қонун чиқарувчи ва инсоннинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи парламентда раҳбар курсиларида ўтирибсиз. Сизлар эса, аксинча иш тутиб, бировнинг ҳуқуқига дахл қилаётганингиз қайси мантиққа тўғри келади?», деб ёзади Шуҳрат Деҳқонов.
У мазкур масалани Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Одоб комиссияси, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва бошқа муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилувчи идоралар эътиборига ҳавола этганини ҳам билдириб ўтган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter