Ўзбекистонлик ёш мутахассислар антиқа универсал тиркама яратишди (фото)
«Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ тизимидаги Ўзбекистон-Корея қишлоқ хўжалиги техникалари конструктор-технологик маркази ёш мутахассислари томонидан универсал трактор тиркамаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га компания матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу трактор тиркамасининг афзаллиги — бу тиркамага нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ортиш, балки ундан мавсум давомида фермер хўжаликларининг ишчи ходимларини ташиш, ундан махсус штаб сифатида, дала шароитида яшаш учун кўчма уй сифатида ҳам фойдаланиш мумкин. Маълум қилинишича, лойиҳа «Ўзагротехсаноатхолдинг» компанияси раиси М.Каримовнинг ғояси асосида ишлаб чиқилган.
Тиркама 24 кишини ташиш имконига эга, юк кўтарувчанлиги 4 тонна, барча ғидиракларига тормоз тизими ўрнатилган. Тўхтаб туриш тормози, электр ёритиш жиҳозлари билан тўлиқ жиҳозланган. Одам ташиш вақтида уларнинг хавфсизлини таъминлаш учун тиркаманинг дастлаб 3D-варианти лойиҳаланиб, у тўлиқ текшириб кўрилган.
Универсал трактор тиркамасини лойиҳалашда марказ бош директори Ш.Аҳмедов, етакчи мутахассислар К.Бегматов, М.Ботиров, А.Муслимов, М.Жуманиёзов ва ТГТУ магистрати А.Акбаралиевлар фаол иштирок этишди.
Лойиҳани амалга оширишда «Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» АЖ бош муҳандиси В.Козинский ва завод цехлари мутахассислари яқиндан кўмаклашишди.
Бугунги кунда мазкур тиркамани давлат синовлардан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter