Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Салимбой»дан ёрдам сўраган қирғиз депутати қамоққа олинди

«Салимбой»дан ёрдам сўраган қирғиз депутати қамоққа олинди

Бишкек шаҳрининг Первомайский туман суди Қирғизистон парламенти депутати Эмил Жамгирчиевни бир ой муддатга ҳибсда сақлаш ҳақида қарор қабул қилди. У 26 февралгача Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторида сақланади.

У Ўзбекистон билан чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда гумон қилинмоқда. Аввалроқ Жогорку Кенеш Бош прокурорга Жамгирчиевни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берган эди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Жамгирчиевга нисбатан эҳтиёт чораси ўзгартирилганига изоҳ берди. Қўмитага кўра, Жамгирчиевнинг терговдан яшириниши учун реал имкониятлар мавжудлиги инобатга олинган.

«Биринчидан, Жамгирчиевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов якуний босқичда, иккинчидан эса Давлат қўмитасига келиб тушган тезкор маълумотларга кўра, депутат  жиноий жавобгарликдан бўйин товлаш мақсадида яна қўшни республикалардан бирига ноқонуний равишда ўтиб кетишни режалаштирган.

Юқоридаги ҳолатлар, шунингдек, Жамгирчиевнинг терговдан яшириниши учун реал имкониятлар мавжудлигини инобатга олиб, 24 январ куни Қирғизистон Республикаси давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланиб, суд уни 26 февралгача бўлган тергов ҳаракатлари давомида ҳибсга олди», – дейилади мамлакат МХДҚ муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 26 декабр куни Бош прокурор Жамгирчиевга нисбатан давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани учун жиноий иш қўзғатган эди.

Тергов давомида Жамгирчиевнинг криминал авторитет – Ўзбекистон фуқароси Салим Абдувалиевдан «икки дўст» – мамлакат президенти Садир Жапаров ва МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиевларни йўқ қилишни сўрагани маълум бўлган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг