Ўзбекистонлик таниқли футболчининг ёши ва исми ўзгартирилгани маълум бўлди
![Ўзбекистонлик таниқли футболчининг ёши ва исми ўзгартирилгани маълум бўлди](https://static.xabaruz.com/crop/3/6/720_460_95_3613887830.jpg)
Ўзбекистонлик таниқли футболчи Ҳусниддин Ғофуров аслида 2 ёшга катта экани ва ҳақиқий исми Анвар бўлгани маълум қилинди.
ЎФАнинг қайд этишича, Анварнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари 1997 йилда туғилган укаси Ҳусниддинники билан алмаштириб қўйилган.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят Бувайда туман судининг 2020 йил 3 март кунидаги ҳукмига кўра Ғофуров Анваржон Ҳусанбой ўғлини укаси Ғофуров Ҳусниддин Ҳусанбой ўғли билан бир-бирларининг шахсий маълумотлари ва исм-фамилияларини алмаштирган ҳолда расмийлаштирилган фуқаролик паспортлари белгиланган тартибда йўқ қилиниб, уларнинг ҳақиқий шахсий маълумотлари ва исм-фамилиялари бўйича фуқаролик паспортлари расмийлаштирилиши таъминланган.
Футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича қўмитаси футболчи ўша вақтда бунга ўзи истамаган ҳолда мураббийлари ва ота-онасининг қистови билан розилик берган деган хулосага келган ҳамда профессионал футболчилик фаолиятида давом этишига рухсат берган.
Шунингдек, мазкур қарор нусхаси Ғофуров Анваржон Ҳусанбой ўғлига нисбатан жарима интизомий жазо чорасини қўллаш масаласини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитасига тақдим этилиши белгиланди.
Маълумот учун, Ҳусниддин Ғофуров Ўзбекистон миллий жамоасида тўп сурган футболчи саналади. Ўтган мавсумда АГМК таркибида ўйнаган тажрибали ярим ҳимоячи яқинда «Нефтчи» билан шартнома имзолаганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter