Ўзбекистонлик фуқаро Россияда 1 тоннадан зиёд «наркотик сақловчи ўсимлик» билан қўлга тушди
Россиянинг жанубидаги Новороссийск шаҳри чегарасида божхоначилар юк поезди таркибида шубҳали юк ортилган контейнерни аниқлашди. Мазкур контейнер Ўзбекистондан келган бўлиб, унга қуритилган мевалар, наъматак меваси, зиғир ёғи ва идиш-товоқлар юкланган.
Божхоначилар, шунингдек, мазкур юклар орасида оғирлиги 1 тонна 188,22 кило бўлган таркибида гиёҳвандлик моддасини сақловчи гармала ўсимлигининг қуритилганини аниқлашган.
Божхона кўригида қуритилган гармала ўсимлигидан намуна олинган. Экспертиза хулосаларига кўра, мазкур ўсимлик ўз таркибида Россия Федерациясида назорат қилиниши керак бўлган ва Россия Федерацияси Ҳукуматининг қарори билан тақиқланган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари рўйхатига киритилган гиёҳвандлик воситаси – гарминни ўз ичига олиши аниқланган.
Аниқланишича, мазкур ўсимлик юк кемаси билан Яқин Шарқ давлатларидан бирига жўнатилиши керак бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 229.1-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг прекурсорлари контрабандаси) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Маълумот учун, ушбу – гармала ўсимлигининг қуритилгани Ўзбекистонда кенг истеъмол қилиниб, халқ тилида «исириқ» дейилади. Халқ табобатида, хусусан, Ибн Сино асарларида шифобахш ўсимлик сифатида тавсия қилинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter