Ўзбекистон–Европа Иттифоқи: 2022 йилнинг 5 муҳим ҳодисаси

Якунига етаётган 2022 йилда Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкорлардан саналган Европа Иттифоқи билан алоқалари сезиларли даражада фаоллашди. Сиёсатдан тортиб таълимга қадар – турли йўналишларда эътиборга молик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди, анжуманлар ўтказилди, ташрифлар амалга оширилди. «Xabar.uz» жорий йил давомида Ўзбекистон–ЕИ робиталарида рўй берган энг муҳим 5 ҳодисани эсга олади.
I. Бир неча йиллик музокаралар маҳсули
6 июль куни Брюссель шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг (КШҲТБ) дастлабки даражада имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Янги битим 1996 йилги шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўрнига ишлаб чиқилган ҳамда икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши кўзда тутилган. Амалдаги битим асосан сиёсий мулоқот, демократия, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик, маданий алоқаларни илгари суриш, молиявий ва техник ҳамкорлик, инвестициялар, товар ва хизматлар савдоси, шунингдек, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш борасидаги қоидаларни ўз ичига олади. КШҲТБ эса кенгроқ масалаларни қамрайди. Улар орасида савдо ва унга тегишли масалалар, жумладан, божхона маъмурчилиги, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари, рақобат ва давлат корхоналарининг фаолияти, давлат харидлари, низоларни ҳал қилиш ва бошқа соҳалар билан боғлиқ қоидалардан иборат. Бундан ташқари, янги ҳужжат Жаҳон савдо ташкилотининг асосий қоидаларини ўз ичига олгани натижасида инвестициявий шериклик, товарлар, хизматлар ва интеллектуал мулк савдоси соҳаларидаги муносабатлар доираси сезиларли даражада кенгайтирилди.
КШҲТБ лойиҳаси бўйича музокаралар 2019 йил февраль ойида бошланиб, 2022 йил июнь ойида якунланди. Ушбу давр мобайнида экспертлар, бош музокарачилар ҳамда ҳукумат аъзолари даражасида 10 босқичли музокаралар ва 150 дан ортиқ учрашувлар бўлиб ўтди. Таҳлилчилар кенгайтирилган битим бўйича музокаралар якунини ўзаро муносабатлардаги улкан муваффақият деб баҳолади.
II. Шарль Мишель – Ўзбекистонда
Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель 27-28 октябрь кунлари Ўзбекистонга илк ташрифни амалга оширди. «Кўксарой» қароргоҳида президент Шавкат Мирзиёев ҳамда Шарль Мишель иштирокида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликка оид муҳим масалалар, шунингдек, минтақавий аҳамиятга молик мавзулар муҳокама этилган. Сиёсий етакчилар мулоқоти давомида, шунингдек, Украина ва Россия уруши оқибатида юзага келган энергетика инқирози, озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига эътибор қаратилган. Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги йўналишидаги ислоҳотлар борасида фикрлашилган.
Учрашувда мамлакатимиздаги демократик янгиланишлар ва иқтисодий ислоҳотларни, энг аввало, инновациялар, «яшил» иқтисодиёт, рақамлаштириш соҳаларида амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан келишувга эришилган.
«Ўзбекистон – табиий маъданларга бой мамлакат. Қолаверса, муҳим жуғрофий ҳудудда жойлашган: мамлакат ЕИ ҳамда Осиёни ўзаро боғловчи кўприк вазифасини ўтайди. Бу эса ўзаро робиталаримизни янада мустаҳкамлашга ундовчи омилларга сирасига киради», – деди Европа кенгаши раҳбари.
Олий мартабали меҳмон ОАВ вакиллари билан суҳбатда ЕИнинг минтақа бўйича сиёсатида яширин кун тартиби мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидлади.
III. «Глобал дарвоза»: илк минтақавий анжуман
17-18 ноябр кунлари Самарқанд шаҳрида икки муҳим тадбир бўлиб ўтди. ЕИ–Марказий Осиё вазирлар учрашувида турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Тадбир мезбони – Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг учрашув якунида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилишича, минтақа вакиллари ЙИ билан ўзаро манфаатли муносабатларни кенгайтиришдан манфаатдор экани таъкидланган. ЕИнинг 2019 йилда қабул қилинган Марказий Осиё бўйича стратегияси тўлиқ қўллаб-қувватлангани ҳолда, уни амалга оширишни тезлаштириш учун қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишилган. ЕИ билан ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, илғор технологиялар, ноу-ҳаулар ва инвестицияларни жалб этиш муҳимлиги қайд этилган.
18 ноябр куни эса Самарқандда «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё ўртасида ўзаро боғлиқлик конференцияси: Глобал дарвоза» деб номланган йирик анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда қатнашган юқори мартабали меҳмонлар ҳамда экспертлар бир овоздан бугунги беқарор замонда икки йирик минтақа ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш лозимлигини таъкидладилар.
Хусусан, Европа комиссияси вице-президенти, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Россиянинг Украинага босқини сабаб, кўп йиллар давомида шаклланган халқаро тартиб издан чиққани, бундай шароитда ЕИ ва Марказий Осиё ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
«Бугун (чегара) деворлари ҳар қанча баланд бўлмасин, хатардан иҳоталай олмайди. Демак, мамлакатлар ўзаро ҳамжиҳатлик йўли билангина хатарларга қарши тура олиши мумкин», – деди Жозеп Боррел.
ЙИнинг 2021 йил 1 декабрда қабул қилинган «Глобал дарвоза» деб номланган янги стратегияси доирасида ташкил этилган илк минтақавий анжуман рақамлаштириш, транспорт ва логистика, энергетика ва сув ресурслари билан боғлиқ масалаларга бағишланди.
IV. «GSP+»: Европа бозорига «яшил чироқ»
2021 йил апрель ойида Ўзбекистонга ЕИнинг «GSP+» преференциялар бош тизимининг бенефициари мақоми берилган эди. Шу тариқа Ўзбекистон Европа бозорига 6200 дан ортиқ товар позицияларини божсиз экспорт қилиш имконига эга бўлди. 2021 йилда преференциялар тизими туфайли ўзбекистонлик экспортчилар 12 млн долларни ўзида сақлаб қолди. Жорий йил ушбу кўрсаткичи сезиларли ошиши кутилмоқда.
Таҳлиллар Ўзбекистондан 6200 та божсиз маҳсулотнинг бор-йўғи 325 тури экспорт қилинаётганини кўрсатган. Шунга кўра Европага 2023 йилда саноат экспортини 600 та маҳсулотга, экспорт ҳажмини эса 700 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилган.
«GSP+» бенефициари мақоми туфайли Европага Ўзбекистон экспортининг ҳажми сезиларли даражада ошмоқда. 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистоннинг ЕИ мамлакатлари билан ўзаро савдо ҳажми 3,13 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Шу тариқа ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14,8 фоиз ўсиш кузатилди.
Ўзбекистонда ЕИ мамлакатлари сармояси иштирокида 1052 та корхона, шу жумладан, 100 фоиз Европа капитали асосидаги 304 та компания фаолият кўрсатмоқда.
ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адрианга кўра, Евроиттифоқ минтақа мамлакатлари иқтисодиётини диверсификация қилиш ҳамда Россияга билвосита қарамликни камайтиришга кўмаклашмоқчи. Айни чоқда, ЕИ минтақа давлатларининг шерикларни танлаш эркинлигини ҳурмат қилади.
«Биз Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатларнинг эксклюзивлигини эмас, балки танлаш эркинлигини таъминлашни истаймиз», – дейди элчи Ш.Адриан.
V. Келажак учун тикилган сармоя
Анъанага кўра жорий йилда бир гуруҳ ўзбекистонлик иқтидорли талабаларга «Erasmus Mundus» қўшма магистрлик дастури (EMJMD) доирасида кўҳна қитъанинг нуфузли университетларида таҳсил олиш учун грант тақдим этилди. Бу йилги танловда мамлакатимиз ёшлари орасида математика, халқаро ҳуқуқ, кимё, тиббиёт, сиёсат, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби таълим йўналишларига қизиқиш катта бўлди.
«Erasmus+» – иқтидор эгаларининг таълим, касбий ва шахсий ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган ЕИ дастуридир. Қўшма магистрлик таҳсили доирасида ўқув дастури, саёҳат харажатлари, суғурта, визани қўллаб-қувватлаш, ойлик стипендия ва бошқаларни ўз ичига олган грант тақдим этилади. Европа университетлари консорсиуми томонидан ишлаб чиқилган ноёб магистрлик курслари доирасида талабалар билим олибгина қолмай, мезбон давлатлар билан танишиб, янги маданиятларни ҳам кашф этадилар.
Расмий Брюссел таълим дастури учун ажратилган маблағни кўпайтириб бормоқда. 2014-2020 йилларда «Erasmus+» дастури бюджети 14,7 миллиард еврони ташкил этган бўлса, 2021-2027 йилларда ушбу мақсадда 26,2 миллиард евро сарфланиши кўзда тутилган.
Чорак аср давомида ЕИ кўмагида Ўзбекистон олий таълим муассасалари иштирокида ўнлаб лойиҳалар амалга оширилди. Масалан, 2014 йилдан буён «Erasmus+» дастури доирасида олий таълим салоҳиятини оширишга қаратилган бюджети қарийб 40 миллион евро бўлган 40 дан ортиқ лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Уларда Ўзбекистоннинг 70 га яқин ОТМ, 20 дан ортиқ тармоқ бошқарма ва ташкилотлари, шунингдек, 120 га яқин Европа университетлари қатнашди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter