Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда яшаймизу, тўйиб олма емаймиз

Ўзбекистонда яшаймизу, тўйиб олма емаймиз

Бозорларда олма сотувчилар кўпу, харидорлар саноқли.

Фото: «Bazm.uz»

Сиз бунга нима дейсиз?

Олманинг фойдали хусусиятлари ҳақида кўп мақолалар чоп этилади. Шифокорлар ҳам кимёвий дорилар истеъмол қилгандан кўра табиий йўл билан даволанишни, айниқса иммунитетни кучайтириш учун кунига икки дона олма ейиш шартлигини тинмай уқтиришади. Олманинг бунчалар ширинлигини, кўнгилга тегмайдиган даражада ёқимлилигини, қанча кўп есангиз ҳам ҳазм бўлиб кетаверишини ўзимиз ҳам яхши биламиз. Лекин унинг нархи-чи?!

Катта боғ-роғлари бор қишлоқ одамларини билмадиму, шаҳарликлар олмани тўйиб истеъмол қилмасликлари ҳеч кимга сир эмас. Бозорларда олма сотувчилар кўпу, харидорлар саноқли. Фақатгина байрамларда, меҳмондорчилик баҳона олма сотиб оламиз. Ёки бўлмаса заруратдан, яъни уйимизда организми витамин моддасини йўқотиб бораётган кексалар бўлса, ҳомиладор аёл бўлса гўшт олмасак ҳам олма олишга ҳаракат қиламиз. Супермаркетларда олий навли олмаларнинг ёнига яқинлашиб бўлмайди. Бозорларда-чи?

Ўзим қачон олма ёки шафтолини тўйиб еганимни эслолмайман. Мабодо маош олганимда икки кило олма сотиб олсам, оиламдагилар битта ёки иккитадан ейишлари мумкин. Битта олма билан иммунитет кўтарилиб қолармиди? Ҳар куни фалон пулга сотиб олишни эса чўнтак кўтармайди.

Келиним оғироёқ бўлгани учун чақалоққа витамин шарт дея ҳар икки кунда бозорга бориб расталарни айланаман. Ҳўл мевалар мен каби биргина маошга қаноат қиладиган инсонлар учун қимматлик қилади. Банан, киви, апелсинлар, майли, хориждан келтирилади. Лекин оддий олмаларимиз нега қимматлашиб бормоқда?

– Нархи қанча? – сўрайман сотувчидан «беш юлдуз» деб ном олган олмани кўрсатиб.

– Кичикроғи ўн тўрт минг, каттаси ўн саккиз минг, – дейди.

Ҳа, қип-қизил, нави яхши олманинг нархи ўзига яраша деганча майда, кўм-кўк олмалар ёнига бораман.

– Кўк олма неча пул?

– Майдаси тўққиз минг, каттаси ўн уч минг.

Нима қилишимни билмай ўйланиб қоламан. Балки келиним қизил олма егиси келаётгандир. Темир моддаси кўк олмада кўпроқ дейишади. Йўқ. Ҳомиладор аёл нарсанинг кўринишига қараб иштаҳаси очилади. Бор-е, тўққиз минг сарфлаган, яна беш минг қўшсам қизил олма келаркан деган ўйда бир кило олма сотиб оламан. Уйга келгач келинимнинг қулоғига шипшийман: «Ҳеч кимга берманг, ўзингиз енг, болага витамин керак». Одатда ҳомиладор аёл бироз қизғанчиқ бўлиб қолади. Келиним жилмаяди-да, олмаларни қучоқлаганча уйига олиб кириб кетади.

Нима қилай, ўзим умримда беркитиб нарса емаганман. Ҳомиладор вақтимда егим келган нарсани айтишга ийманиб, жимжилоғимни тишлаб қўяқолганман. Лекин бугун экология бошқача, ёшларнинг организми заифроқ, шунинг учун келинларимизнинг еб-ичишини қаттиқ назоратга олишимиз шарт. Сезиб турибман, баъзилар фикрларимни ўқиб, «намунча паст бўлмаса, битта олмага шунчаликми?» дейишаётгандир. Аниқ биламанки, даромади юқори одамлар вақтини кетказиб бозор айланмайди, тўғри супермаркетларга бориб олманинг энг сарасини шартта сотиб олаверади. Маоши беш юз-етти юз минг бўлганлар жимжилоғини тишлашсин. Бугун тўй дастурхонларининг қимматлиги ҳақида гапираяпмиз. Тўйлардаги вазаларга энг олий навдаги мевалар терилгани эвазига ҳам тўй дастурхонлари қимматлашмоқда.

Азизлар, олма мавзуси орқали ҳўл мева билан савдо қилувчиларни танқид қилиш ниятим йўқ. Меваларни сотиб олиб, уринтирмай сақлай олиш, харидор олармикин деб бозорда сарғайиб ўтириш ҳам осон иш эмас.

Бизнинг юртимиздек бахтли диёр дунёнинг ҳеч ерида топилмайди. Чунки ўлкамиз серқуёш, тупроқларимиз унумли, сувларимиз тоза, табиатимизнинг ўзи мўътадил. Нима учун шундай унумли тупроғимиздан етарлича фойдаланмаймиз? Боғ-роғларни янада кенгайтириб, халқимизни олма билан етарлича таъминлай олмаяпмиз?

Фурсатдан фойдаланиб жонкуяр ҳукуматимизга миннатдорчилик билдирамиз. Ёдингизда бўлса, ўтган йиллари ҳам бозорларда пиёз, картошкаларнинг нархи қишга келиб қимматлашиб кетарди. Одамлар пиёз-картошкаларни қоплаб ғамлаб олишарди. Орада шундай пайтлар ҳам бўлдики, пулимизга картошка, пиёз тополмай қолдик. Битта пиёзни иккига бўлиб рўзғор тебратганлар ҳам бўлди. Бугун эса ўзимизда етиштирилаётган пиёз-картошкаларга қараб ўтирмай, давлатимиз Россиядан, Беларусдан, ҳатто Покистондан етказиб бераяпти. Бозорларга борсангиз турнақатор машиналарда қоплаб картошка-пиёз қиши билан арзон нархларда турди. Қани энди олма, шафтоли, анжир каби ҳўл мевалар ҳам кўпайтирилса, одамлар арзон нархларда бемалол сотиб олиб, тўйиб-тўйиб ейиш имконига эга бўлса.

Нафақат ҳўл мевалар, қуруқ мевалар, писта-бодомларнинг ҳам нархи одамни чақадиган даражада. Болалигимда колбаса, пишлоқ, сосиска билан ишимиз бўлмасди. Онамиз чўнтагимизга тўртта ёнғоқ, бир қисим майизни солиб қўярди. Кўчада ўйнаб юриб шуларни ердик. Кечгача меъдамиз тўқ юрарди. Сўнгги вақтларда ёнғоқ, бодом, хандон пистани меҳмон кутиш учун ҳам харид қилишга иккиланаяпмиз. Қурби етмаганлар ноиложликдан сотувчилардан ижарага олишаяпти. Ейилгани ейилади, қолганларини қайтариб топширишади. Бу усул исрофгарчиликдан асраш билан бирга камхарж оилаларнинг маблағини иқтисод қилишларига ёрдам беради.

Майли, ёнғоқ, бодом, писта емасак ҳам кунимиз ўтади. Лекин тўйиб олма ейишимизга имкон бор-ку. Нега шу имконни ишга солмаймиз?

Юқоридаги фикрларимизга сиз қандай муносабат билдирасиз, азизлар?

Раъно Маҳмудова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг