Ўзбекистонда термик депрессия кузатилди — «Ўзгидромет»
Июль ойининг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистон ҳудуди бўйича кузатилган қулай об-ҳаво шароитидан сўнг, иккинчи ўн кунлигининг бошида ёз ўз таъсирини ўтказишга қарор қилди.
«Ўзгидромет»га кўра, 11 июлдан бошлаб республика ҳудуди бўйича термик депрессия кузатилди — бу одатда Ўрта Осиёнинг барча ҳудудлари бўйича энг иссиқ об-ҳаво даври билан боғлиқ бўлган синоптик жараён.
Ушбу жараён юқори ўркач ривожланиши билан тавсифланган, бу билан Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ тропик ҳавонинг кириб келиши кучайган.
Термик депрессиянинг давомийлиги 2-3 кундан 5-7 кунгача ўзгариб туради, айрим йилларда эса 1,5-2 ҳафтагача сақланиб туриши мумкин.
11-13 июль кунлари иссиқ максимал ривожланиш кўрсаткичларига етди. Ҳаво ҳарорати +40...+42 даражагача, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида +43...+45 даражагача, Қизилқум чўлининг ғарбида баъзи жойларда +46 даражагача кўтарилди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳар йили бунга яқин максимал ҳарорат қийматлари кузатилмоқда. Бироқ, ўтган йилларда республика ҳудуди бўйича ўрнатилган мутлақ максимал ҳарорат тенгсиз бўлиб қолган.
Кучли иссиқ давр узоқ давом этмади. 13 июль кунидан бошлаб республика шимоли-ғарбий ҳудудларига Кавказ ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво кириб келиши бошлади ва ушбу ҳудуд бўйича ҳарорат +5...+7 даражага пасайди.
12 июлда Қорақалпоғистон Республикаси, 13 июлда Хоразм вилояти ва Навоий вилояти ғарбий туманларида иссиқ заифлаша бошлади. Ҳаво ҳарорати +5...+7 даражага пасайди.
Республиканинг қолган ҳудудларида 14 июлдан ҳарорат пасайишни бошлади. Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати +33...+38 даражадан ошмайди, фақат баъзи жойларда +39...+40 даражага етади. Кейинги ҳафта бошида ҳаво ҳарорати бироз кўтарилади, аммо бу кўтарилиш яна қисқа муддатли бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter