Ўзбекистонда долларнинг расмий курси 12 минг сўмдан ошди. МБ вазиятни изоҳлади
11 август куни амал қиладиган доллар курси 400 сўмдан кўпроққа ошгани айтилмоқда.
Жумладан, айрим тижорат банкларида сотув курси 12 135 сўмга етган. Харид нархи эса 11 650 сўм кўрсатиляпти.
Айрим манбалар банкларнинг мобил иловаларидан АҚШ доллари айирбошлаш ҳам тўхтатилганини ёзмоқда.
Марказий банк ўз навбатида ички валюта бозоридаги ҳолат бўйича тушунтириш берди.
«Асосий савдо-ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг сезиларли қадрсизланиши ташқи савдо ва пул ўтказмалари канали орқали сўмнинг реал самарали алмашув курсининг мустаҳкамланишига олиб келди.
Бу, ўз навбатида, экспорт ва пул ўтказмалари тушумлари каналлари орқали мамлакатимизга валюта тушумларига ва ички валюта бозоридаги таклиф ҳажмига салбий таъсир кўрсатди.
Натижада, ички валюта бозорида сўм алмашув курси девальвацияси суръатининг бироз тезлашиши – фундаментал омиллар таъсирида тўғриланиши кузатилди.
Марказий банк келгусида алмашув курсининг кескин қадрсизланишини олдини олиш бўйича етарли инструментларга эга бўлиб, зарур ҳолларда қўшимча интервенциялар амалга ошириш орқали тебранишлар юмшатиб борилади.
Мазкур тўғриланиш реал самарали алмашув курснинг узоқ муддатли трендига қайтишига олиб келади ва мувозанатли курс валюта тушумларини ошириш орқали бозорда таклиф ўсишига хизмат қилади. Реал самарали алмашув курси йил охиригача ва ўрта муддатли истиқболда нисбатан барқарор бўлади», – дейилади расмий изоҳда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter