Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда болалар тўйиб овқатланмайдими ёхуд соғлом овқатланиш ҳақида мулоҳазалар

Ўзбекистонда болалар тўйиб овқатланмайдими ёхуд соғлом овқатланиш ҳақида мулоҳазалар

Жуда кўп ўрик дарахтимиз бўларди. Шунга қарамай унинг бир дона меваси увол бўлмасди. Қоплаб туршак қилардик. Қиши билан отам раҳматли туршакни қайнатиб бизга мажбурлаб ичирарди. Оилада қай биримиз бетоб бўлсак биринчи бўлиб шифокорлар бизга айтадиган гап: юрагингиз бақувват экан, касални осон енгасиз...

Ҳозир англаб етаяпманки, туршак юрак учун катта фойдаси бор неъмат. Айниқса бола учун, юраги ўсаётган бола учун жуда муҳим. Бугун шаҳарда энг кўп учратадиган нохуш вазият – бу ўрикларнинг ер билан битта бўлиб тўкилиб ётиши... Болалар ана шу витаминга бой, ўзимизда ер билан битта бўлиб ётган оддийгина қуритилган мева шарбатидан баҳраманд бўлмай ўсмоқда...

ЮНИСЕФ куни кеча бир статистик маълумотларни тарқатди: Ўзбекистонда 11 фоиз болалар тўйиб овқатланмас экан. Ўзбекистондаги болаларнинг тўйиб овқатланмаслигига сабаб фақатгина паст даромад эмас, гарчи паст даромадли оилалар борлигини, улар кунда гўштли таом ея олмаслигини инкор қилмаяпмиз. Аммо бир ҳақиқат бор: азал-азалдан халқимиз овқат рациони хилма-хиллиги ёки боланинг мунтазам таом менюсини назорат қилиш масаласи ҳар доим ҳам кўнгилдагидек бўлмаган. Масалан қишлоқларда кўп оилаларда сут, қатиқ бор. Қатиқдан йогурт, сутдан эса творог олиш мумкин бўлсада кўпчилик бунга қунт қилмайди. Йогурт ва творог бола суякларининг ўсиши учун ўта муҳим. Ва яна бир ўта муҳим жиҳат боланинг эрталабки нонуштаси. Кўпчилик нонушта деганда шакар чой ёки турли хил бўтқаларни, тайёр маҳсулотлар – колбаса, сосискани тушунади. Ваҳоланки мутахассислар эътирофига кўра, айнан нонуштага мевалар бўлиши ўта муҳим, чунки нонушта узоқ уйқудан кейинги биринчи таомдир, шунинг учун у витаминларга бой бўлиши керак. Тўғри овқатлардан ташкил топган нонушта болани нафақат зарур қувват билан, балки тананинг нормал ривожланиши ва ишлаши учун оптимал озуқавий таркиб билан ҳам таъминлаши мумкин. Келинг, мутахассислар тавсиялари ва кўрсатмаларига эътибор қаратамиз.

Нега нонушта жуда муҳим? 

Эрталаб овқатланиш диққатни жамлашни яхшилайди ва шу билан боланинг ўрганиш қобилиятини оширади. Нонушта қилиш семиришни ривожланиш эҳтимолини камайтиради, кайфиятни яхшилайди. Нонушта қилиш касалликларнинг олдини олади. Болаларда овқатланиш маданиятини жуда эрта ёшдан бошлаб шакллантириш муҳим. Улар нонушта, тушлик ва кечки овқат борлигини билишлари керак.

Нонушта қандай бўлиши керак? Нонушта, биринчи навбатда, соғлом бўлиши кераклигини унутманг. Сабзавотлар ва мевалар витаминлар ва бошқа озиқ моддалар етишмаслигини тўлдиради. Куз ва қишда уларни ейиш айниқса муҳимдир.

Сутли маҳсулотлар калцийга, ёрмалар A ва Д витаминларига бой. Ёрма маҳсулотларида мия фаолияти учун энергия манбаи бўлган углеводлар ҳам мавжуд.

Aгар нонушта мунтазам равишда эътибордан четда қолса, бола ақлий ва жисмоний ривожланишда тенгдошларидан орқада қолиш хавфини туғдиради. Фарзандингизга эрталаб нима овқатланаётганингизни таҳлил қилинг ва унинг овқатга бўлган муносабатини кузатиб боринг. Aгар бола сиз тайёрлаган таомни ёқтирмаса, уни нонушта учун нима истеъмол қилишини танлашга таклиф қилинг. Кўпинча иштаҳанинг етишмаслиги касалликнинг аломатидир, масалан, вирус, ошқозон-ичак тракти билан боғлиқ муаммолар, овқатланишнинг бузилиши, аллергия ва бошқалар. Aгар сиз ушбу касалликлардан шубҳалансангиз, болангизни шифокорга олиб боришингиз керак.

Болалар, айниқса ўсмирлар, кўпинча овқатни жуда танлаб ейишади. Улар соғлом нонуштадан кўра, тез овқатланиш, ярим тайёр маҳсулот, газланган сувни афзал кўрадилар.

Ҳозирги кунда кўплаб ота-оналар мактаб ўқувчиларига тез ва қулай нонушталарни таклиф қилиш васвасасига дуч келишмоқда, афсуски, бу кўпинча соғлиқ учун зарарли. Болалар яхши кўрадиган газланган ичимликлар шакар ва калорияларда юқори, аммо ҳеч қандай озуқавий моддаларни таъминламайди. Уларни мунтазам истеъмол қилиш ортиқча вазн, тишларнинг парчаланиши ва ҳатто овқат ҳазм қилиш муаммоларига олиб келиши мумкин. Тезкор нонушталар масалан, шакарли донлар ва кўплаб сунъий ранглар ва консервантлар ҳам зарарли. Тез овқатланиш – бургер, картошка ва бошқа турдаги фастфудларда тўйинган ёғ ва туз кўп. Бундай озиқ-овқатларни мунтазам истеъмол қилиш болаларда семириш ва юрак-қон томир касалликлари хавфини ошириши мумкин. Қовурилган овқатлар юрак ва қон томирларининг соғлиғига салбий таъсир кўрсатадиган зарарли транс ёғларини ўз ичига олади. Ширинликлар ва конфетларга асосланган нонушта қон шакарининг кескин сакрашига, кейин эса пасайишига олиб келади. Бу дарс пайтида асабийлашиш ва эътиборнинг пасайишини келтириб чиқаради. Ушбу маҳсулотлар ўрнига, бир стакан янги мева шарбати ва  буғдой нонини таклиф қилишингиз мумкин. Кепак ва ёрмалар (жўхори уни, арпа бўтқаси ёки гречка) ҳам ажойиб танловдир, чунки улар таркибида кўплаб витаминлар, минераллар ва болалар организмига бўлган эҳтиёжни қондиришга ёрдам берадиган моддалар мавжуд. Бундан ташқари, болалар соғлом витаминлар ва минералларни олиш учун янги мева ва йогуртдан баҳраманд бўлишлари мумкин. Тухум ҳам тана учун энергиянинг ажойиб манбаидир.

Хўш, дунё бўйлаб болалар нонуштага нима ейишади?  

Япониядаги болалар гуруч, балиқ ва шўрваларни ёқтирадилар.

Германиядаги болалар эрталаб донли бўтқа, юмшоқ қайнатилган тухум, табиий йогурт ва сендвичларни истеъмол қиладилар. Немис оналар фарзандлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва табиий шарбатларни танлайдилар.

Скандинавия болалари нафақат ақлий меҳнат, балки совуққа қарши курашиш учун ҳам куч тўплашлари керак бўлади. Жўхори уни бутун оила учун ҳар қандай нонуштанинг асоси ҳисобланади. Сироп, сариёғ, мева ва қўшилган сутли бўтқа уларнинг жони дили.  

Яна бир нонушта маҳсулоти – балиқ жигари. Исландия Шимолий қутб доирасига яқин жойлашганлиги сабабли, қишда кунлар жуда қисқа, шунинг учун Д витамини етишмаслигининг ўрнини қоплаш учун исландияликлар эрта ёшдан бошлаб болаларга нонушта қилиш учун балиқ маҳсулотларини беришади.

Туркия болалари учун эрталабдан дастурхонда таомларнинг катта танлови мавжуд. Эчки, сигир ва қўй сутидан, айрон, сабзавот, зайтун ва қаттиқ қайнатилган тухумдан тайёрланадиган пишлоқлар ҳеч қачон узилмайди. Баъзида оналар нонушта учун мазали менемен пиширадилар – хушбўй помидор, яшил қалампир, оқ пишлоқ ва турк бастурмаси билан майин омлет.

Бразилиялик ота-оналар қаҳванинг кичик бир қисми болаларни мактабда диққатини жамлашга ёрдам берадиган антиоксидантлар билан таъминлайди, деб ҳисоблашади. Шунинг учун, мактаб ўқувчисининг нонуштаси сариёғли тостер нони, пишлоқ ва кофе ёки шоколадли сут билан бошланади...

ЮНИСЕФ ҳисоботига кўра, тўйиб овқатланмасликка мамлакатнинг озиқ-овқат муҳити, уй хўжаликларининг даромад даражаси ва тўғри овқатланиш каби омиллар таъсир кўрсатади.

Болаларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги уларнинг саккизта гуруҳдаги камида бешта таомни истеъмол қилиши билан белгиланади:

она сути;

дон маҳсулотлари, сабзавотлар, резаворлар, тропик мевалар;

дуккакли маҳсулотлар, ёнғоқлар ва уруғлар;

сут маҳсулотлари;

гўшт маҳсулотлари, шу жумладан парранда ва балиқ; тухум. А витаминига бой мева ва сабзавотлар;

Агар болалар фақат биринчи икки гуруҳдан озиқ-овқат олса, улар озиқ-овқат қашшоқлигининг ҳаддан ташқари юқори даражасида яшайди. Агар улар уч ёки тўртта озиқ-овқат гуруҳидан овқатланса, тўйиб овқатланмасликнинг ўртача даражаси ҳисобланади. Агар болалар беш ёки ундан ортиқ озиқ-овқат гуруҳи бўйича таомлансалар озиқ-овқат қашшоқлигида яшамайди.

Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон рўйхатдаги 63 давлат ичида 11-ўринни эгаллади. Бу боланинг тўйиб овқатланмаслигининг ўртача даражасига тўғри келади. Яъни ўзбекистонлик болалар дон маҳсулотлари, сабзавотлар, тропик мевалар, дуккакли маҳсулотлар, ёнғоқлар, сут маҳсулотлари билан таомланаётган бўлади.

Гўшт маҳсулотлари ва парранда, балиқ емаётган болалар 11 фоизни ташкил қилади деб ҳисоблайлик. Аммо А витаминига бой мева ва сабзавотларни кундалик рационга қўшишга нима монелик қилади? Сабзи, картошка, карам, тухум, қовун, шивит, нўхот, булғор қалампири, туршак, қовоқ каби ҳар қандай хонадонда учрайдиган ва сотиб олишнинг имкони бўлган А витаминига бой маҳсулотларни афсуски кўпгина оилаларда болаларга ёшликдан тановвул қилишга ўргатилмайди.

Агар болаларни ўз имкониятларимизни ишга солиб овқатлантирсак, тўйиб овқатланмайдиган болалар фоизи 11 эмас, балки биз ҳавас қилаётган Туркманистон каби 4 фоиз бўлиши ҳам мумкин эди...

Барно Султонова тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг