Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда 2022 йилда буғдой ва шакар танқислиги бўлмайди — вазирлик

Ўзбекистонда 2022 йилда буғдой ва шакар танқислиги бўлмайди — вазирлик

Россия ҳукумати мамлакатда юзага келган ҳолат туфайли буғдой ва шакар маҳсулотлари экспортини тақиқлаб қўйгани хабар қилинган эди. Ушбу вазият Ўзбекистонга қай даражада таъсир ўтказиши мумкин?

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан маълум қилинишича, бу масалада 2022 йилда муаммо бўлмайди. Вазирлик ахборот хизмати баёнотида таъкидланишича, мамлакатимизда аҳолини озиқ-овқат хавфсизлиги билан таъминлаш, ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотларни етиштириш, зарур заҳираларни шакллантириш етарлича амалга оширилган.

Хусусан, жорий йилда аҳолини буғдой ва ун маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш мақсадида республикамизда 1 млн 27 минг гектар ер майдонида буғдой экилди, натижада жорий йилнинг июнь-июль ойларида 7 млн 679 минг тонна ҳосил етиштириш режалаштирилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1 миллион тоннага кўп.

Шунингдек, 2021 йил буғдой ҳосилида 6 млн 656 минг тонна буғдой етиштирилган бўлиб, шундан 2 млн 533 минг тоннаси республика дон заҳиралари учун «Ўздонмахсулот» АЖ ҳудудий корхоналарида жамғарилган, 4 млн 123 минг тоннаси фермер ва аҳоли ихтиёрида қолган.

Ўтган йил якунига қадар 2 млн 771 минг тонна буғдой дони ва 357,7 минг тонна ун хусусий сектор томонидан асосан Қозоғистон Республикасидан импорт қилинган ҳамда 26,8 минг тонна буғдой дони (Тожикистон Республикасига 94% ва Қирғизистон Республикасига 6%) ва 949,1 минг тонна ун (1 млн 265 минг тонна буғдой ҳисобида) Афғонистон Ислом Республикасига экспорт учун йўналтирилган.

2022 йилда аҳолини шакар маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш мақсадида республикамизда 600 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Шунингдек, 2021 йилда юртимизда 595,5 минг тонна шакар (2020 йилга нисбатан 315,1%) ишлаб чиқарилди. 2021 йил ва 2022 йил январь-февраль ойларида товар хомашё биржасига аҳоли эҳтиёжини қоплаш мақсадида ҳар ойда 30 минг тоннадан кам бўлмаган миқдорда шакар савдога қўйилди.

Ўтган йил якунига қадар 23 минг тонна шакар (ўтган даврга нисбатан 344 минг тоннага камайган) ва 620 минг тонна шакар хомашёси (ўтган даврга нисбатан 423 минг тоннага ошган) Бразилиядан импорт қилинган ва 25 тонна шакар Афғонистон Ислом Республикасига экспортга йўналтирилган. Россия Федерацияси томонидан қўйилган чекловлар таъсир қилмайди.

Қайд этиш керакки, Президентнинг ПҚ–3818-сон қарорига кўра оқ шакар импортига божхона қийматининг 20 фоиз миқдорда божхона божи ставкаси ҳамда Солиқ кодексининг 289-моддасига асосан 20 фоиз миқдорда акциз солиғи ундирилиши белгиланган.

2022 йил март-май ойларида таъминотчилардан яна қарийб 180 минг тонна хомашё етиб келади. Бундан ташқари жорий йил июнь-октябрь ойларида 200 минг тонна шакар хомашёси олиб келиш режалаштирилган.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, республикада аҳоли ва корхоналарнинг талабини узлуксиз, етарли миқдорда ва барқарор нархларда буғдой, ун, шакар маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда ички бозорларда нархларнинг кескин ўзгаришининг олдини олиш тўлиқ таъминланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг