Ўзбекистон ва Қирғизистон савдо ва инвестициявий ҳамкорликка доир йўл харитасини имзолади
Бугун, 18 декабрь куни Ўш шаҳрида Ўзбекистоннинг чегарадош вилоятлари раҳбарлари билан Қирғизистон ҳукуматининг чегарадош вилоятлардаги мухтор вакиллари кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Республикаси Бош вазири Муҳаммадкалий Абилгазиев раислик қилди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилиш якунларига кўра, икки мамлакат ҳукуматлари раҳбарлари савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик бўйича йўл харитасини имзолашди. Унда, жумладан, савдо, саноат, карантин ва ветеринария соҳаларида ҳамкорлик қилиш, божхона жараёнларини ва банклараро ҳамкорликни соддалаштириш кўзда тутилган.
«Бизнинг фикримизча, минтақа давлатлари савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорлик механизмларини янада фаоллаштириши керак», — деди Қирғизистон Бош вазири.
Муҳаммадкалий Абилгазиев ўзбекистонлик ҳамкасбларига юк ташувчилар учун тўловларни бекор қилишни таклиф этди. «Бу, шубҳасиз, ўзаро юкларни ташиш ва мамлакатларимиз ўртасида товар айирбошлаш ҳажмини оширишга ёрдам беради», — таъкидлади Муҳаммадкалий Абилгазиев.
Абдулла Арипов Ўзбекистон Қирғизистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори эканини тасдиқлади.
«Тор доирадаги музокаралар натижалари, ўзаро келишув асосида, ечимини топмайдиган масалалар қолмаслигини кўрсатди», — таъкидлади Ўзбекистон Бош вазири.
Учрашув давомида минтақавий ҳамкорлик тўғрисидаги келишувларнинг бажарилиши, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, давлат чегараларидан ўтиш шароитларини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.
2018 йилнинг тўққиз ойида икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш 250 миллион доллардан ошди, бу 2017 йилнинг шу давридагидан 11 фоизга кўпдир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter