Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги савдо 5 йилда уч баробардан ошган – иқтисодчи

Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги савдо 5 йилда уч баробардан ошган – иқтисодчи

Миср Араб Республикасида Ўзбекистон президентининг мамлакатга ташрифи олдидан бўлиб ўтган давра суҳбатида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов икки давлат ўртасида фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжудлигини таъкидлаб ўтди.

Марказ раҳбари ўз нутқида сўнгги йилларда иқтисодий соҳада Ўзбекистон-Миср муносабатлари фаол ривожланиш босқичига ўтганлигини ва  2017 йилдан буён ўзаро савдо ва сармоявий ҳамкорлик фаоллашиб, ушбу йўналишга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Марказ ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сўнгги беш йилда уч баробардан зиёд, яъни 2017 йилда қарийб 10 миллион доллардан 2022 йилда 30,5 миллион долларгача ошди. Ўзбекистоннинг Мисрга экспорти эса 16 баробарга ошган.

Жумладан, Ўзбекистоннинг Мисрга экспорти таркибига тўқимачилик маҳсулотлари, транспорт ускуналари ва хизматлари, шу жумладан ҳаво транспорти хизматлари киради. Ўзбекистоннинг 2022 йилда Мисрдан амалга оширилган импорт таркибига эса озиқ-овқат маҳсулотлари, кимё маҳсулотлари, машина ва транспорт ускуналари ва хизматлар ўрин олган.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда Мисрлик ишбилармонларнинг капитали иштирокида 29 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, фармацевтика соҳасида Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида ҳамда балиқчилик соҳасида Наманган вилоятида янги лойиҳалар бўйича мисрлик ишбилармонлар билан музокаралар олиб борилмоқда.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг