Ўзбекистон мактабларига беш юздан ортиқ британиялик ўқитувчи жалб қилинади

Айни кунларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги делегацияси Буюк Британияда бўлиб, Лондонда ташкил этилган Бутунжаҳон таълим форумида иштирок этди.
Дунёдаги 130 дан ортиқ таълим соҳаси вакиллари қатнашган ушбу нуфузли халқаро тадбир доирасида қатор учрашувлар ҳам ўтказилган.
Жумладан, Вазир Ҳилола Умаровнинг ICESCO ташкилоти бош директори Салим ал Малик билан учрашувида истиқболдаги ҳамкорлик, биргаликда таълим йўналишига доир халқаро конференция ўтказиш масалалари муҳокама қилинган.
Cambridge University Press & Assessment ташкилоти билан бўлиб ўтган учрашувда эса Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетини трансформация қилиш ва мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга оид келишув имзоланди.
«Вазирлик ва VSO (Volunteers Services Overseas) ташкилоти ўртасида икки томонлама ҳамкорлик келишуви имзоланди. Унга кўра, юртимиздаги умумтаълим мактабларига хориждан малакали мутахассис ва волонтёрлар, 500 нафардан ортиқ британиялик ўқитувчилар жалб қилинади», – деб ёзади Ҳилола Умарова.
Бундан ташқари Буюк Британия Парламенти Давлат котиби ўринбосари — Эрта ёшдаги болалар таълими вазири Стивен Жеймс Морган билан болаларни соғлом овқатлантириш йўналишидаги ишлар, истиқболдаги режалар ҳақида ҳам фикр алмашилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter