Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбек олимларининг саратонни 99 фоизгача даволовчи дориси» ёлғон бўлиб чиқди

«Ўзбек олимларининг саратонни 99 фоизгача даволовчи дориси» ёлғон бўлиб чиқди

24 март, жума куни ЎзА нашри Фанлар академияси Ядро физика институти директори, техника фанлари доктори, профессор Илҳом Содиқов билан суҳбатини эълон қилиб, унда ўзбек олимларининг «саратонни 99 фоизгача даволовчи» дориси яратилгани айтилган эди.

«Ҳозирги кунда бу дори 4-босқичдаги рак касаллигининг 97-99 фоизгача тузалишини таъминлаяпти. Жаҳондаги тиббиётчилар революцион дорилар қаторига кирувчи бу препаратга «фантастик натижа», деб баҳо беришяпти», – деган Илҳом Содиқов препарат саратон касаллигини даволашда ниҳоятда самарадор бўлган янги дори воситаси ҳисобланишини таъкидлаб. 

Профессор, шунингдек, мазкур дори воситасининг битта дозаси ҳозирги кунда АҚШда 70 минг доллар, Европа мамлакатларида 25 минг доллар атрофида сотилаётгани, Фанлар академиясининг Ядро физика институти эса уни республикадаги 3 та онкологик клиникага 1,5 минг АҚШ доллари нарх билан етказиб беришни йўлга қўйганини айтган эди.  

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур суҳбатда келтирилган дори воситаси ҳақидаги маълумотларни «ҳақиқатга зид» демоқда.

Вазирликка кўра, ушбу дори воситаси радиофармпрепарат сифатида АҚШ, Европа Иттифоқи, Россия ва Осиё давлатларида фақатгина  простата бези ва нейроэндокрин ўсмаларни диагностикаси ва даволашда қўлланилади.

– Ушбу препарат диагностикада простата бези учун таргет радионуклид восита ҳисобланади. Суяк метастазларини даволаш жараёнида яхши таъсир қилади ва вақтинчалик восита ҳисобланади. У касалликнинг 4-босқичида беморларнинг ҳаётини бир муддат сақлаб туриш учун хизмат қилади, – дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Дониёр Нишонов. 

Маълум бўлишича, бу препарат ҳозирча давлат рўйхатига олинмаган. Шу туфайли айни кунларда бирорта онкологик муассасада қўлланилмаяпти.

Шунингдек, мутахассиснинг таъкидлашича, саратоннинг ривожланган босқичида қўлланиладиган ушбу препарат беморни 99 фоиз аниқликда даволаши ҳақиқатга умуман тўғри келмайди. Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида саратоннинг бу босқичида даволай оладиган дори воситаси яратилмаган.

Шунингдек, барча онкологик касалликларда эмас, фақатгина простата бези саратонида суякда метастазлар бўлган ҳолатда ушбу дори воситаси ўрнига «Самарий» препарати қўлланиб келинмоқда.

ССВ соҳа мутахассислари ва ОАВдан инсонлар ҳаёти билан боғлиқ бу каби муҳим хабарларни жамоатчиликка етказишда диққатли бўлишларини сўрамоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг