Ўзбек олими оламшумул кашфиёт яратди
Янги Ўзбекистон университети проректори Элёржон Жумаев нанотехнологиялар йўналишида никел асосли суперқотишма ихтироси учун халқаро патент олди.
— Янгиликнинг аҳамияти шундаки, у асосан нанотехнологиялар, машинасозлик, аэрокосмик кемалар, умуман, учувчи жисмларни ясашда қўлланадиган ўта мустаҳкам, енгил, шу билан бирга, юқори ҳароратга чидамли суперқотишма ҳисобланади. Бу жуда ҳам ноёб материал хорижда олиб борган изланишларимга бевосита боғлиқ. АҚШда ишлаганимда ушбу материалнинг хусусияти, хоссалари ўрганилган ва бошқа мураккаб кимёвий текширув жараёни ўтказилган эди. Ушбу суперқотишмага нанотехнологияларда кенг фойдаланиладиган, мустаҳкамлиги жуда юқори, мукаммал материал сифатида қаралади. Қотишма металл оиласига мансуб материаллардан кўра 30-35 фоиз мустаҳкамлиги, юқори эгилувчанлиги билан фарқ қилади, — деди олим «Янги Ўзбекистон» нашрига берган интервюсида.
Унинг айтишича, бу кимёвий материал ҳозир ички ёнув двигателлари ва аэрокосмик кемаларда жуда самарали ҳисобланади. Никел асосли қотишмалар емирилишга бардошли ва мустаҳкамлиги юқори бўлгани учун айнан ички ёнув двигателлари, умумий автомобилсозлик, кемасозлик ва аэрокосмос соҳаларида кенг қўлланилади.
— Ишлаб чиқаришга кенгроқ жорий қилсак, бу янгилик катта самара беради, деб бемалол айта оламиз. Чунки қотишма ҳар хил муҳитда синаб кўрилган. Агар уни бошқа давлатларга экспорт қилишга эришсак, натижаси юқори бўлади. Лекин ишлаб чиқаришга келсак, бу бироз мураккаб жараён. Сабаби, ишлаб чиқариш асносида баъзи нозик жиҳатлар бор. Бир-икки дақиқалик янглишиш ҳам материалнинг хусусиятига таъсир қилиб, кутилган натижани бермаслиги мумкин. Агар мамлакатимизда ишлаб чиқаришга жорий қиладиган бўлсак, лаборатория ёки завод кўринишидаги корхона керак, — деди Элёр Жумаев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter