Оёқда кирза этик, елкада кетмон кўтариб улғайган «бахтиёр болалар»
Кўз очиб юмгунчалик вақт ичида мактабни тугатганимизга ҳам 34 йил бўлибди. Инсон ҳаётда неларга эришмасин, ҳар қандай нуфузли илм даргоҳларида таҳсил олмасин, барибир, болалигининг энг гўзал ва энг тотли дамлари ўтган жонажон мактабини соғиниб, унга талпиниб яшар экан...
Анча йиллардан буён бир-биримиз билан тўпланишолмаган собиқ синфдошлар мактабда йиғилишадиган бўлдик. Ўзим туғилиб ўсган қишлоқдан 3-4 чақиримча олисдаги мактабга томон пиёда йўл олдим. Буни қарангки, биз болалигимизда қишда лой, ёзда чанг кечиб ўтадиган йўллар ўрнини текис ва равон йўллар эгаллабди. Йўлнинг икки томонида салобат тўкиб турган намунавий уй-жойларни кўриб, завқингиз ошади. Замонавий кўринишдаги дўконлару, турли маиший хизмат шахобчаларнинг-ку, саноғи йўқ. Дўконлар маҳсулотлар билан оша-тоша. Хаёлимнинг бир учи яна болалигимга чопди. Биз болалар қизиқиш билан биргина сақич сотиб олиш учун мактабдан ҳу-уу, 1 километрча узоқликдаги «магазин»га борардик. Битта ручка ёки дафтар керак бўлса, ота-онамиз бекатларда соатлаб кутиб, бу ҳам етмагандек шалдироқ ва тиқилинч автобусларга ўтириб, ўқув қуролларини туман марказидаги дўконлардан харид қилиб келишарди.
Бугун эса дарвозадан бир қадам қўйишса, бас, исталган нарса топилади. Болалик хотиралари билан манзилга етиб келганимни ҳам сезмай қолибман. Болалигим кечган мактаб ҳовлиси олдига келдим. Биз ўқиган мактаб қиёфаси ўрнида замонавий, муҳташам бино салобат тўкиб турарди. Чоғроқ, нимқоронғу синфхоналардан-ку, асар ҳам йўқ. Кенг, шинам, ёруғ хоналар, бежирим парталар, синфхоналарнинг замонавий ўқув-қуроллар билан бойитилганидан дилингиз баҳра олади.
Физика, химия фанлари хоналари қулайликларини айтмайсизми? Айниқса, компьютер хонаси. Ўқувчилик йилларимизда бу хонада информатика дарсидан фақат назарий сабоқларнигина олганмиз. Шунда ҳам ҳар икки ёки учта синфга битта калькулятор тўғри келарди. Орамизда унинг битта тугмачасига, ҳатто, бармоқ босиб кўрмаганлар ҳам топилиши бугунги ўқувчи учун қанчалик эриш туюлмасин, бу ҳақиқат. Бугун эса ҳар бир ўқувчи энг сўнгги русумдаги компьютер билан бемалол «тиллаша» олади, бу борада улар орасида турли танловларда ғолиб бўлаётганлар ҳам талайгина. Биз компьютерлар тузилишини фақатгина суратлардагина кўрганмиз. Бу ўзгариш ва янгиликлардан фойдаланиш фарзандларимизга насиб этгани қанчалар қувонарли.
Собиқ синфдошлар, ҳали-ҳамон ёшларга сабоқ бериб келаётган бир нечта устозларимиз билан гурунглашиб, мактаб стадиони томон йўл олдик. Стадион шу қадар ўзгарган, ҳатто, шундоқ қошида яп-янги спорт мажмуаси ҳам қад ростлаган экан. У ерда спортнинг қатор турлари бўйича машғулотлар ҳам олиб борилмоқда. Вилоят ва мамлакат шаън-шавкати учун курашаётган, муваффақиятлари баланд ўқувчи-ёшлар борлигидан ғурурланиб кетдик.
Шу мактабда ўн йил ўқиб, жисмоний тарбия дарсларини мактаб ҳовлисида ёки синф хоналарида шунчаки уч-тўртта машқ бажариб-бажармай ўтказган дамларимиз кўз олдимиздан ўтди. Ҳатто, шашка, шахмат доскалари йўқлигидан уни қоғозда чизиб, дона сурганларимизни эслашдик. Бундай шароит, имкониятлар қаерда эди?!
Қийинчиликларга қарамай, синфдошлар ҳаммамиз жамиятда ўз ўрнимизни топа олганмиз. Ким шифокор, ким ўқитувчи, биров муҳандис, яна бири тадбиркор, фермер. Ҳунарманду қурувчилар ҳам оз эмас.
— Синфдошларингиз орасидан Идибой тадбиркор жуда танти чиқди-да, — деб қолди биз билан гурунглашиб турган устозларимиздан бири, — мана шу мактаб ошхонасини қайта таъмирлаб, замонавий ошхона жиҳозлари билан таъминлади. Суннатжон эса бундан етти-саккиз йил илгари ташкил этган пишириқлар цехи маҳсулотлари билан уни тўлдирди. Ўшандан буён ўқувчилар арзон ва сифатли ширинликлардан баҳраманд. Ширинлик маҳсулотлари чет элникидан қолишмайди.
Хурсанд бўлиб, саховатпеша синфдошимизга юзландик.
—Мустақиллик шарофати-да бу! – кулимсираб сўзлади Суннатжон, — тадбиркорлик ортидан бир нечта хорижий давлатларда ҳам бўлдим. Хориж технологиялари ва у асосда маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишдим. Имконим даражасида бир-иккита ускуналаридан харид қилдим. Баҳолиқудрат шогирдлар билан ишлатиб турибмиз.
— Эсларингдами, авваллари дала деҳқонлари қатори, биз ўқувчилар ҳам белларимизга ўзимиздан катта этакларни боғлаб олиб, тонгдан шомгача пахта далаларидан қайтмасдик. Раису бригадир боваларнинг зуғумини айтмайсизми? Шунча меҳнатга яраша бечора деҳқоннинг косаси оқармасди. Ҳозир-чи? Истиқлол туфайли деҳқоннинг ҳам насибаси бутун бўлди. Мана, Одил синфдошимизни олайлик, унинг фермер хўжалиги илғорлар сафида. Техника ускуналари етарли. Меҳнатига яраша фойда ҳам олаяпти. 50 нафарга яқин фермер хўжалик аъзоларининг қорни ҳам, усти ҳам бут, оиласи тинч, тўқ, фаровон. Эҳ-ҳе-е, бундай илғор фермерлар қишлоғимизда ўнлаб топилади. Шукур, шундай замонларни мактаб дарвозасига қулф осиб, биз ўқувчиларни далаларга солган ўша дамларда етти ухлаб, тушимизда кўрибмизми?! – сўзлади яна бир тадбиркор синфдошимиз Қаҳрамон суҳбатга аралашиб.
— Мактабни тугатганимиздан роппа-роса бир йил кейин «Ўзбекистон мустақил давлатга айланди», дейишганда, анқайиб қолганман. Тўғриси, мустақиллик нималигини деярли, тушунмасдик-да! Ўшанда агар биз мустақил давлат бўлсак, мустақиллигимизни кўролмайдиган бошқа давлатлар бизга уруш очса-чи, деган ҳадик ҳам бўлган ёш юракларимизда. Мустақилликдан илгариги даврларни эсласам, ҳалигача этим жунжикади: болалигимиз ҳам, ўқувчилик давримиз ҳам ўн йил далаларда кечди. Изиллаган совуқми, жазирама иссиқми, мактаб партасида эмас, далаларда раис боваю, бригадир бованинг қамчисини кўриб улғайдик. Эслайсизларми, оёқда кирза этик, елкаларда кетмон билан жўжапирдай болалар «Биз бахтиёр болалар» қўшиғини куйлашга мажбурланиб, кўзларда ёш билан далаларга саф тортиб кетардик. Ортда қолгани рост бўлсин. Шу кунларга етказганига шукур! — дейди синфдошимиз Муҳиба.
Шу пайт унинг қўл телефони жиринглаб қолди. Хорижда таҳсил олаётган ўғли экан. Маъмура синфдошимиз сўз бошлади:
— Бундан 30-35 йил олдин битта қишлоқда битта ёки иккита сим телефон бўларди. Шунда ҳам қўшни қишлоқ ёки қўшни туманга зўрға чиқиларди ёки бўлмасам, туман марказларидаги почта бўлимларига бориб, қўнғироқ навбатини соатлаб кутардик. Бугун етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамманинг қўлида телефон. Шундоқ ўтирган жойидан дунёнинг нариги чеккасидаги оғайниси билан, ҳатто, бир-бирини кўриб туриб, бемалол гаплаша олади. Шукур, шундай замонларга, кўз тегмасин!
— Буни тараққиёт, деса бўлади. Нафақат, қўл телефон, бугун ҳар бир дарвоза олдида икки-учтадан машина бор. Истаган манзилингга «ғиз» этиб етасан. Бир пайтлар кимдир бетоб бўлса, «Тез ёрдам»га чиқиш учун телефон топилмаса, туман марказидаги шифохонага обориши учун қишлоқнинг тракторчига югурардик. Тракторда борардик касалхонага, — ўйчан сўз бошлайди ўқитувчи синфдошимиз Дилфуза. — Бугун юртимизда муҳташам иншоотлар қатори шифо масканлари ҳам ортиб бормоқда. Тиббиёт масканларида беморлар учун яратилган шарт-шароиту имкониятларни-ку, гапирмай қўя қолайлик. Мустақилликнинг борига шукр!
Синфдошларимнинг бири олиб, бири қўярди. Ҳар бирининг чеҳрасида шукроналик, қалбида хотиржамлик, «Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик!» фахр ифодаси балқирди.
Гўзал ва бетакрор истиқлол тантанаси арафасида шундай дилкаш давраларда шукроналик туйғуларини эшитиш, ҳис қилиш янада завқли, ғурурли.
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter