Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ота-онадан қолган ёдгорлар

Ота-онадан қолган ёдгорлар

ru.freepik.com

 – Амма, отам новвот, майиз ва мева-чевалар бериб юбордилар. Онам бир сидра кўйлаклик берди, – деди эшикдан кирган жияним ҳол-аҳвол сўрашиб бўлгач.

Кўнглим ёришиб кетди. Чарчоқниям унутдим. Тўрт томонинг олтинга беланиб ётса-да, жигарларингнинг йўқловига ҳеч нарса тенг келмайди. Оға-ини, опаларимда ота-онамнинг меҳрини туяман.

«Биздан кейин ҳам бир-бирингизга оналик, оталик меҳрини беринглар. Бир-бирингизнинг ҳолингиздан хабар олиб туринглар. Одамзотнинг болаларим кўпайсин, дея тиланганида шу гап бор, болам», – дердилар улар ҳар сафар.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, раҳматли отам анча кексайиб, гап-сўзи тилидан тушиб кетаверадиган ҳолдаям жону-жигари – аммаларимни тез-тез йўқлаб турарди. Кичиккина тугунчада қанд-қурс, нону-бол, кийим-кечаклар илинарди. Аммам ҳам акасини йўқлашдан чарчамас эди.

Кунларнинг бирида аммам бетоб бўлди. Ичикмасин учун отамга билдирмадик. Аммо, отам кўнгли сездими, ўзи юриш-туришида қалтироқлик кучайган бўлса ҳам: «Аммангни кўраман, мени ёнига олиб боринглар»лаб қолди. Сўнгги дийдорни сезишган эканми, отам бизни хонадан чиқариб юборди. Эшик ортидан мўралаяпмиз, отам тўшакдаги хаста аммамни қучиб йиғлади. Икки кекса жигарлар бир-бирларига чирмовуқдек ёпишишди. Худди ёш болалардек «ҳўнг-ҳўнг» йиғлашди. Отам: «Ота-онамдан қолган ёдгорим» деса, аммам «Жигарим» дерди отамни.

Орадан вақт ўтди... Отамнинг ўлимидан бир неча кун олдин ҳам бир-да эслаб, бир-да эслолмай, айтари шу бўлди: «Ану, биби бор-ку, қуёш чиқар қишлоқдаги.... ана бу еримдаги (юрагини кўрсатиб) шундан хабар олиб туринглар, қанд-қурс элтиб беринглар...»

Кўзларимиздан гувала-гувала ёш сизарди. Билардик отам аммам ҳақида сўзлаётганини. Аммам ҳам жон бераётганида, болаларини эмас, отамни – акасини тилдан қўймай, ҳақига дуо қилди...

***

Оға-иниларингиз йўқлаб келишса, хонадонингиз нурга тўлгандек файзли, чароғон бўлади. Турмушнинг ташвишу изтиробларидан бир қадар узоқлашиб, ғоят енгил тортгандек ҳис этади киши, ўзини. Жону-жигарингизнинг меҳрига, кўнгил овлашига етадигани йўқ.

Бироқ, турмушда содир бўладиган айрим воқеалардан кўнглингиз хира тортади.. Ота-она, ёру-дўст, қариндош-уруғларнинг бир-бирларидан хабар олишлари камайгандек. Айримлар элу юртга ҳавас қилгулик тўй бераяпти, бировлар катта-катта хайру-эҳсон қилаяпти, 2-3 марталаб ҳаж сафарларига зиёрат қилиб келаяпти. Аммо, энг азиз кишиларига оқибат қилишга – аммаю-хола, амаки-тоға, оға-ини, опа-сингил қадрдонлар ҳолидан хабар олишни унутиб қўяяпти.

Гоҳо «жон-жигармиз» деб, қариндошлик қадру-қимматини қоринга, меҳр-оқибатни манфаатга айлантираётган кимсаларни ҳам учратамиз.

Қўшни маҳалладаги Муҳтарама ая умрини қариндош-уруғларига бағишлаб ўтказди. Ота-онаси дунёдан ўтгач, укаларининг бошини силаш, меҳр кўрсатиш унинг бўйнида қолди. Уч укасига ҳам она, ҳам ота бўлиб, жигарларининг оғирларига елка тутиб келди. Барини уйли-жойли қилиб ҳам тинмади. Жиянларининг тўй-маъракаларини-да, ўтказди. Бироқ, мудҳиш воқеа сабаб оёғидан ажралиб, тўшакка михланди. Шундан сўнг жигарларидан мурувват соғинди, уларнинг меҳрига кўз тикди. Шундай ҳолатда ҳам элу-юртга обрў билан ош бериб, кенжа укасиниям уйлантирди. Бир зумда ён-верини тўлдирган укаларининг ташрифидан қанотим яна тўлди, деб ўйлаган Муҳтарама ая адашганди. Супра-элак қилиб келган укаю-келинлар тўй-томоша тугаши билан ҳеч бир ишга қарашишмай, ёрдамлашишмай, қўлларига тушганини йиғиштиришиб, «ҳаё-ҳуйт» деб кетиб қолишди...

Яна бир воқеликка назар ташлайлик.

Нурматнинг топиш-тутиши ёмон эмас. Ошиғи олчи эди. Данғиллама ҳовлида яшайди. Оёғининг остида 2-3та машинаси бор. Болаларининг ҳам егани олдида, емагани ортида.

«Укажон, поччанг дунёдан ўтгач, қўлим сал калтайиб қолди-да. Жиянинг шартнома асосига ўқиётганини биласан. Озроқ ёрдам қилиб турсанг. Ана-мана, демай ўқишни тугатади. Сўнг бирор бир ишга киргач, қарзларни узармиз!» – Содиқа опа укасининг остонасига келиб, минг ҳижолатда сўзлади.

Опасининг гапини эшитиб, Нурматнинг таъби бузилди:

«Ўқишни тугатиб, бирор ишга киргач» эмиш. Хўш, ишга киролмаса-чи?! Ўзингиз каталакдей ҳовлида яшайсиз. Бунинг устига еганингиз ёвғон-ку! Ниманингизни сотиб, қарзингизни тўлайсиз?! – деди асабийлашган кўйи ука.

Содиқа опанинг кўзи «дувв» ёшга тўлди. Бўғзига тош тиқилгандек, гарангсиб қолди.

Содиқа опа ота-онаси эрта оламдан кўз юмган. Жўжабирдай укасини еру-кўкка ишонмай кафтида авайлаб ўстирган. Укасини едириб-ичириб, таниш-нотанишларнинг эшигида хизмат қилиб, ўқитган. Бировдан кам қилмай тўй-томоша билан уйлантирган. Раҳматли эрининг кўмаги билан уни уйли-жойли ҳам қилган...

Кўнгли ўксиган Содиқа опа ҳазин овозда инграниб қўйди:

«Жигарим, деб олдингга келгандим-да, укажон!»

«Хиҳ, келсангиз ҳол сўраб келинг-да! Қарз сўраб келган опа қанақа жигар бўлсин!»

Содиқа опа музлаб кетди. Ҳуш-беҳуш укасининг ҳашаматли ҳовлисидан узоқлашди. Узоқлашган сари юрагидан биртомир «чирт» узилгандек вужуди титраб кетди. Ортига секин қайрилди. Қақроқ лаблари титраб, аста шивирлади: «Топганинг буюрсин-а, укажон, топганинг буюрсин!»

Кейинги пайтларда бундай воқеликларга тез-тез дуч келамиз. Уч-тўрт киши тўпланишиб қолса, «олди-сотди қандай бўлаяпти, нарх-наво қанча, қанча доллар тўпладинг?» кабилар ҳақида гапирилади. Аммо, «Опам, акам, аммам, холам, амаким, тоғам тузукмилар?» –деган сўровлар жуда кам. Савол туғилади: нега ота-боболаримиз сахий, меҳрли, оқибатли бўлиб ўтишган?! Демак, бу амаллар, бизнинг қонимизда ҳам бор. Фақат бу амалларни қайта тиклаш ва қадрлаш зарур. Бунинг учун қалбларга ишонч, оқибат бўлиши керак. Ҳаётнинг мазмуни ҳам, бахту-саодати ҳам мана шу қадр-оқибатда.

***

Акам жияним орқали меваю-нонлар солиб жўнатган тугунчани очаман. Нонни ҳидлаб, димоғимни худди онамнинг хушбўй исларига тўйдираман. Ўрику майизларда отагинам бармоқлари қолгандек худди. Янгам илинган бир сидра матони эгнимга ташлаб, гўё «ялло»ландим. Тугунчани қайта ширинликларга тўлдираман. Бўйи бўйимдан ошган, акагинам тафти бор жиянимнинг бўйларига осилиб, хайр-хушлашаман. Ота-онамдан қолган ёдгорларим омон бўлишсин, илоҳим...

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг