Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Осон ва бепул. Ўзбекистонда мобил қурилмаларни рўйхатга олиш 1 апрелдан бошланади

Осон ва бепул. Ўзбекистонда мобил қурилмаларни рўйхатга олиш 1 апрелдан бошланади

Фото: АКТ вазирлиги ахборот хизмати

Бугун, 30 март куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Алоқа тарихи музейида «Республикамиз ҳудудларида мобил алоқа тармоқларини кенгайтириш ва мобил қурилмаларни ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш тизимини жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида» матбуот анжумани ўтказилаётгани ҳақида хабар бергандик.

Мамлакатимизда 22 миллиондан зиёд мобил алоқа абонентлари, 16 миллиондан кўпроқ мобил интернет фойдаланувчилари бор.

Матбуот анжуманида АКТ вазирининг ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев ҳамда мамлакатимиздаги барча мобил алоқа операторларининг раҳбарлари қатнашди.

Тадбирда республикамиз учун янги — мобил қурилмаларни ҳисобга олиш тизими тақдимоти ўтказилди. У 2019 йилнинг 1 апрелидан ишга тушади.

Фақат GSM-операторлари тармоқларида фойдаланиладиган мобил қурилмалар автоматик тарзда рўйхатга олинади.

Мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизимининг оператори сифатида «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» давлат унитар корхонаси белгиланди. Мазкур корхона негизида мобил қурилмаларни ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш тизими ўрнатилди. Бу тизим Ўзбекистондаги барча GSM-операторлари тармоқларига уланган бўлиб, улар ўртасида «онлайн» режимида ўзаро маълумот алмашиш имконини беради. Шунингдек, мазкур тизим импорт қилинадиган мобил қурилмаларнинг регистратори вазифасини бажаради.

Фото: АКТ вазирлиги ахборот хизмати

1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон GSM-операторлари тармоқларида фойдаланиладиган барча мобил қурилмаларни автоматик тарзда рўйхатга олиш амалга оширилади. Қурилмани автоматик рўйхатдан ўтказганлик учун ҳақ олинмайди.

Маҳаллий GSM-операторлар тармоғида ўзининг мобил қурилмасидан фойдаланаётган абонентлардан уларга тегишли қурилмани рўйхатдан ўтказиш учун ҳеч қандай ҳаракатлар талаб этилмайди — рўйхатга олиш ҳаракатлари тизим оператори ва алоқа операторлари томонидан амалга оширилади.

Ҳисобга олиш ва қурилмани рўйхатдан ўтказиш тизими қуйидагилардан фойдаланишни чеклашга имкон беради:

  1. Контрафакт қурилмаларни — яъни IMEI-коди қурилманинг ҳақиқий моделига мувофиқ келмайдиган қурилмани
  2. Ўғирланганлик ёки йўқотганлик сабабли «қора рўйхат»га кириб қолган қурилмани
  3. Божхона назоратидан ўтмаган қурилмаларни.

Эсда тутинг! Телефон сотиб олишдан аввал қурилманинг IMEI-коди мақоми тўғрилигини UZIMEI.UZ тизимининг расмий сайтида текшириб олиш тавсия этилади.

Ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш тизими, шунингдек, GSMA ассоциацияси билан ахборот алмашинувини ўрнатишга, қолаверса, ўғирланган ёки йўқолган абонент қурилмалари рўйхати алмашинувини йўлга қўйиш имконини беради.

Ҳозирги пайтда GSMA базасига 43 мамлакатнинг 118 та мобил оператори уланган. Бельгия, Чили, Коста-Рика, Кипр, Дания, Финляндия, Франция, Германия, Гана, Венгрия, Ирландия, Италия, Мальта, Норвегия, Португалия, ЖАР, Швеция, Буюк Британия, Венесуэла шулар жумласидандир. GSMA билан ахборот алмашинуви бошқа мамлакатлар ҳудудида ўғирланган ёки йўқолган қурилмаларни ишлатишни чеклаш имконини беради. Айни пайтда, Ўзбекистон ҳудудида ва аксинча GSMA га аъзо компаниялар тармоқларида Ўзбекистон Республикасининг «қора рўйхати»га киритилган қурилмаларни ишлатишнинг имкони бўлмайди.

Мобил терминалларни ҳисобга олиш назорати тизими қуйидагиларга имкон беради:

  • Абонент қурилмаларидан фойдаланиш ёки ўғирланган қурилмалар билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш ва аниқлаш.
  • Ўзбекистон Республикасига ноқонуний, контрабанда йўл билан абонент қурилмалари олиб келинишини чеклаш.
  • Харидорларга абонент қурилмаларини сотиб олиш пайтида уларнинг мақомини текширишга, харид қилинаётган маҳсулот сифати ва сервис хизмати кафолатини таъминлашга ёрдам бериш.
  • Хавфсизлик талабига жавоб бермайдиган контрафакт абонент қурилмаларидан фойдаланишни камайтириш ҳисобига фуқаролар соғлиғини ҳимоялаш.
  • Контрабанда ва контрафакт абонент қурилмалари ноқонуний айланмасининг пасайиши ҳисобига телекоммуникация бозорида соғлом рақобатни таъминлаш.

Хорижда қандай?

Буюк Британия

«Туманли Альбион»да IMEI-кодларни рўйхатга олиш биринчилардан бўлиб бошланган. Тегишли қонун 2005 йилда қабул қилинган. Бу ернинг қонунлари қаттиқ — мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини алмаштириш билан шуғулланганлар бир неча йилгача қамалиши мумкин. Бу чора ўғриликлар сонини камайтирдими — алоҳида масала, бироқ барча ўғирланган телефонлар икки сутка ичида блоклаб қўйилиши унча-мунча чўнтаккесарни шаштидан қайтаргани турган гап.

Озарбайжон

Каспийорти мамлакатида IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш тизими 2013 йилнинг 1 майидан ишга туширган. Қардошларимиз ишни «амнистия усули»да бошлашди: кўрсатилган санагача қўнғироқлар амалга оширилган мобил телефонларнинг барча кодлари автоматик равишда «оқ рўйхат»га киритилди. Телефонини тинмай ишлатадиган абонентнинг бирон бир жойга бориб телефонини рўйхатдан ўтказишига ҳожат қолмади: унинг қурилмаси автоматик равишда рўйхатга олинди.

«Кулранг» рўйхатга эса 2013 йилнинг 1 майигача қўнғироқлар амалга оширилмаган қурилмалар киритилди. Бу телефонларнинг эгалари мобил қурилмаларни рўйхатга олиш марказларига шахсан бориб рўйхатдан ўтишди. Ўғирланган, яширин цехларда ишлаб чиқарилган ва мамлакатга контрабанда йўли билан олиб кирилган қурилмалар «қора рўйхат»га эса киритилди.

Озарбайжонга киритилган ҳар бир мобил қурилма 30 кун ичида рўйхатдан ўтказилиши шарт. Бу хизмат текин бўлиб, электрон ҳукумат порталида электрон рақамли имзо ёрдамида бажарилади. Бу талаб Озарбайжонга келган ва ўз SIM-карталари ва роумингдан фойдаланаётган хорижликлар ва сайёҳларга татбиқ этилмайди.

Украина

Украинадаги IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш меъёри асосан «кулранг бозор»га қаратилган ва кўпроқ сотувчилар ва дилерларни қамраб олади. Фақат чет элда телефон сотиб олган украин фуқароси ўз қурилмасини ягона маълумотлар базасида рўйхатдан ўтказдириши шарт. Бу қурилма чегарадан ўтишда декларация қилдирилиб, кейин миллий реестрга унинг кодини киритишга мурожаат этилади. Мурожаатда мобил қурилманинг модели ва IMEI-кодига божхона декларацияси илова қилиб тақдим этилади. Бу хизмат бепул бўлиб, бир кун давомида кўрсатилади. Агарда қурилманинг коди базадабўлмаса, уяли алоқа оператори хизмат кўрсатишни тўхтатиши ҳақида хабар жўнатади. Маълумотлар базасида рўйхатдан ўтказилмаган қурилмаларга уяли алоқа хизмати кўрсатиш максимал муддати — телефон биринчи ишлатилган кундан бошлаб уч ойгача.

Туркия

Мамлакатда IMEI-кодларни рўйхатга олиш бошланганига 12 бўлди. Бу қоида фақат чет элдан олиб кирилган қурилмаларга тааллуқли. Туркияда хорижий алоқа операторлари роумингида ишлаётган телефонлардан фойдаланишга чекловлар йўқ. Агарда хорижлик сайёҳ маҳаллий алоқа оператори хизматидан фойдаланишни истаса, унда телефонини рўйхатдан ўтказиши керак. Акс ҳолда унинг мобил қурилмаси блоклаб қўйилади. Хорижлик бу мамлакатда мобил қурилмасини рўйхатдан ўтказдириш учун паспортини тақдим этиши ва 115 лира тўлаши шарт. Яна 50-90 лирани маҳаллий операторлар рўйхатдан ўтказгани учун олади.

Туркияда IMEI назорати тизими 2006—2010 йиллар давомида қўшимча $10,5 млрд. солиқ тушумини келтирган, мобил қурилмалар ўғирликлари эса 95 фоизга камайган.

Телефонни Туркия ҳудудига қадам қўйгандан сўнг 60 кун ичида рўйхатдан ўтказиш лозим. Бир киши (хорижлик ёки турк фуқароси) 2 йил ичида чет элдан олиб кирилган телефонни фақат бир марта рўйхатдан ўтказдира олади. Турк ҳукумати бунинг боисини ўз бозорини ҳимоя қилаётгани билан изоҳлайди, яъни мамлакат ичкарисидаги расмий сотувчилардан мобил қурилмалар сотиб олиш қўллаб-қувватланмоқда.


Бугунги матбуот анжуманида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 2019 йил мобайнида Ўзбекистон мобил алоқа абонентлари учун ноқулайликлар туғилишининг олдини олиш ва аҳоли хабардорлигини ошириш мақсадида кенг тушунтириш ишлари олиб борилишини маълум қилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг