«Ортиқхўжаев & «Kun.uz». Сенат жим. Нега?
Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ҳақорат ва таҳдидларга тўла аудиоси тарқалишидан келиб чиққан можаро якунига етдими? Гарчи «томонлар бир-бирини тушуниб, ўзаро муросага келган» бўлса-да, масала тор доирадан чиқиб бўлди. Унга «шахсий масала» эмас, балки улкан ижтимоий муаммо сифатида қаралиб (аслидаям шу-да!), ечим ҳам шу мезонлар асосида топилмоғи шарт. Ҳокимнинг таҳдиди халқаро миқёсда қораланаётгани эса муаммо залворини яна бир бор кўрсатиб турибди.
Тўғри, Бош прокуратура баёнот бериб, «аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар» ўрганилаётганини билдирди. Бироқ прокуратура хулосасини кутмаёқ аудиоовозлар Ж.Ортиқхўжаевга тегишли экани аниқ бўлиб улгурди.
Шу ўринда ҳокимнинг ҳақорат-у таҳдидларига АОКА, Журналистлар ижодий уюшмаси, ҳатто сиёсий партияларгача муносабат билдирганини эслатиб, асосий гапга ўтсак.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати жим?! Ваҳоланки, Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт ҳокимилигидан ташқари Сенат аъзоси рутбасига ҳам эга.
Эсингиздадир, ижтимоий тармоқларда тарқаган Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг видеоселектордаги диний эътиқод билан боғлиқ «нутқи» жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлганди. Ўшанда Танзила Норбоева бошчилигида Сенатнинг Регламент ва одоб комиссияси фавқулодда йиғилиш ўтказиб, «Шуҳрат Ғаниев масаласи»ни кўриб чиққанди. Сенатнинг Ғаниевга кўрган чораси — алоҳида масала. Бироқ қуюшқондан чиқаверган амалдорнинг Сенат даражасида муҳокама қилиниши Ўзбекистон учун янгилик эди-да. «Раҳбарман деб чегарадан чиқиш, одоб-ахлоқ қоидасига риоя қилмаслик, «Мен ҳамма нарсани қилавераман», деган дунёқараш нотўғри», деган Танзила Камаловна «бундай хабарлар мамлакат обрўйига путур етказмай қолмаслигини» ҳам алоҳида таъкидлаганди ўшанда.
Шуҳрат Ғаниевнинг ўша «нутқи» Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг таҳдиди олдида ҳолва!
Шунга қарамай Сенат жим. Нега?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter