Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ориятни ер ютяптими? Ёхуд «ўргимчак одам» тўридаги келажак...

Ориятни ер ютяптими? Ёхуд «ўргимчак одам» тўридаги келажак...

Фотоколлаж: «Xabar.uz»

Ҳар қандай жамиятдаги муаммолар (аксарият ҳолларда) эътибордан четда қоладиган, арзимас ҳисобланадиган (лекин оқибатда таназзулга олиб борадиган) кўргуликларга боғлиқ бўлади. Менинг назаримда, бугунги кунимизнинг (барча жамиятлар учун тааллуқли) ана шундай муаммоларидан бири — эркакларнинг ўз аслиятини бой бериб қўяётганидир.  

Сизнингча, эркак бўлмоқликнинг энг биринчи шарти нима? Турли даврлар учун бу шарт турлича бўлган ва (менинг фикримча) бугунги кунда эркак бўлмоқликнинг энг асосий шарти — аёлга ўхшаб қолмаслик (бўлиб қолгандай).

Оламдаги илк жамиятларда эркаклар, аввало, овчи ва жангчи эдилар. Улардан катта жисмоний куч, абжирлик, ҳушёрлик, қўрқмаслик, ғалабага ишонч, сабр ва қарор беришда ўта аниқлик талаб қилинган. Минг афсуски, кечагина эркакнинг файзи ҳисобланган фазилатлар (жумладан, қатъиятлилик, ҳукмронликни қўлдан бермаслик, қарорлар қабул қилишдаги устунлик, ўзига бўйсундириш ва ҳоказолар) бугунги кун оилаларида  маълум муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бошқачароқ айтганда, бугунги эркаклар оиладаги ҳукмронликни (ҳар жиҳатдан мустақил бўлишни истайдиган, айтганини қилдиришга уринадиган, тили узун) аёлларга бериб қўймаслик учун курашишга мажбурлар. Яъни, бугун кўпчилик аёллар жуда кўп масалаларда эрларига бўйсунишни исташмайди.

Аёллар ҳар жабҳада эркаклар билан тенглашаётган (тўғрироғи, тенглашишга уринаётган), беллашаётган, ҳатто иқтисодий масалаларда тўлиқ эркинликни қўлга киритаётган, «оилани таъминлаш – эркак кишининг иши, аёлнинг вазифаси – бола тарбиялаш ва уй бекаси бўлиш» деган гапларга бурун жийираётган, эрини ўзига мослаб «қайта тарбиялашга» уринаётган ва (тан олиш керак) жуда кўп соҳаларда эркакларга нисбатан устунликка эришиб бораётган бир даврда муҳтарам эркакларимиз (ўзлари сезиб-сезмаган ҳолда) катта синовдан ўтмоқдалар. (Силлиқламай айтадиган бўлсам), бугунги кун эркаклари олдида битта муҳим вазифа бор: эркакнинг қаддини ва қадрини, эркакликнинг аслиятини тиклаш! Ва шу йўл билан ўз наслларини таназзулдан сақлаб қолиш!

Виқорини ер ютганлар

Бизнинг болалигимизда ўғил болаларга (ҳозиргидек) «ҳақиқий эркак қандай бўлиши керак?» деган мазмундаги ўгитлар айтиб, алоҳида гаплашиб ўтирилмасди. Оталарнинг: «Ўзингга қара, сен эркаксан!», «Эркак бўл!» деган дағал оҳангдаги огоҳлантириши етарди. У оталар ўғилларига қуруқ гап билан эмас, амалда ўрнак бўлишарди. Ўғил болалар (йиқилиб ёки муштлашиб, бурнини пачоқ қилиб олса ҳам) йиғламасди, йиғлагани ор қиларди, уяларди; бир-бирини сотмасди. Эътибор берган бўлсангиз, бугунги жуда кўп ўғил болаларнинг ҳақиқий эркак бўлиб шаклланиши борасида жиддий муаммолар бор. Ишонаверинг, бу муаммолар атайин шакллантирилди. Чунки миллатларни таназзулга учратишнинг синалган усули – аёлларни аёлликдан, эркакларни эркакликдан мосуво қилишдир.

Сизнингча, юзлари-ю, қош-кўзларига «салон»ларда оро бериб, «попукдек» бўлиб юрган; бели ингичка шойи куйлагу тор шим кийиб, сочини алламбало қилиб турмаклаб, тўда-тўда бўлиб ҳиринглашиб кетаётган; юзига упа-элик суртиб «ЗАГС»га бораётган йигитчалар ниманинг маҳсули? (Тўғри, бу масалада «она ўғил» тарбиялайдиган ақли калта оналар ва ори йўқ оталарнинг ҳам катта айби бор, аммо гапирилаверганидан таъсир қилмайдиган бўлиб кетган бу мавзуни ҳозир қўя турайлик. Бугун масаланинг эътибордан четда қоладиган бошқа томони ҳақида гаплашамиз).

Илгари ўғил болалар кўпкарида отни елдек учирадиган чавандозларга, кураги ерга тегмаган полвонларга ҳавас қилишарди. Яқин ўтган даврлардаги болаларнинг ҳам севимли қаҳрамонлари (ҳарқалай) эркаклик сифатига эга эди: эпчил, ҳушёр ва жасур Брюс Ли ёки қўл жангини моҳирона намойиш қиладиган киноқаҳрамонларга ҳавас қилмайдиган ўғил бола йўқ эди ҳисоб. Аммо бугуннинг болалари телеэкранлар орқали муттасил қандай эркакларни кўришга маҳкум этилганини, кимларни ўзининг қаҳрамони деб билишини, кимларга ҳавас қилишини ва кимларга ўхшаб бораётганини биласизми?

Улар бугун учар «Бэтмен»ларга, махлуқсифат «Халк»ларга, гурзисини паррак қилиб учадиган «Тор»ларга, супермену «ўргимчак одамлар»га ҳавас қилади.

  • Улар жуда ёшлигиданоқ, «Жилет» рекламаларидаги — соқол оладиган кўпикнинг майинлигидан роҳатланадиган, юзида устарани силлиқ юргизиб илжаядиган йигитчаларни;
  • бир печенье рекламасидаги каби — ширинлик устида хотинига ғамза қилиб сузиладиган ва хотин киши битта калла қўйса, ағдарилиб тушадиган ширинтомоқ йигитларни;
  • саҳнада бузуқ хотинга ўхшаб қилпанглаб, ашула сўзларини (хушторига эркаланаётган олифта қиздай) тантиқланиб талаффуз қиладиган, бемаъни, бедаво ашулачи йигитчаларни;
  • бўяниш ва соч турмаклашдан тортиб кийиниш масалаларига қадар хотинларга устозлик қиладиган, мулойимгина «стилист» йигитларни;
  • саҳнада бешарм ва беҳаё латифаларни айтиб, одамларни бемаъни ҳиринг-ҳирингларга кўниктираётган, маҳмадона «қизиқчилик гуруҳлари»ни;
  • хотинидан қўрқадиган эркакларнинг аҳволи кўрсатиладиган томошаларни кўриб катта бўляпти.

Бугунги миллий сериалларимиз қаҳрамонлари ҳам «она ўғил»лар! У сериалларда, киноларда оиладаги ҳамма масалани она ҳал қилади. Оналар, қайноналар битта шаллақилик билан оила бошлиғининг овозини ўчириб қўяди. Ота, қайнота – ҳеч кимга гапи ўтмайдиган, бачкана, минғир-минғир қилиб, хотинига тобе бўлиб юрадиган, майда бир одам! Онасининг пинжига кириб сериал кўрадиган болалар ана ўшаларни кўриб улғайяпти!

Бугунги ёш йигитлар — ўзининг ҳар хил соч турмакларини, кийим-кечакларини реклама қиладиган, реклама роликларида аёллардек тақинчоқ тақиб чиқадиган, бесоқолбозлар билан қучоқлашиб суратга тушадиган Девид Бэкхемларни ўзига эталон деб биляпти.

«Қанча ясансанг, шунча севимли бўласан», «Ранг-баранг ипак кийимлар ва ороланиш билангина қиз-аёлларга ёқиш мумкин», деган ножинслар тарғиботига эргашяпти. Ясан-тусан ва пардозда, кўримлиликда қизлардан ўзишга уриняпти.

Инсоннинг қандай кийинишига қараб, унинг ички-маънавий дунёси ҳақида бемалол хулоса чиқариш мумкин. Кийим-бошнинг инсон руҳиятига ва ҳатто ахлоқига таъсир этиши ҳам бор гап. Исломда эркак кишига ипак кийим кийиш маън этилганлиги (ҳаром қилинганлиги)да ҳам катта ҳикмат бор: ипак — жуда майин, нозик мато ва у ўзидан фойдаланаётган кишидан ҳам нозиклик ва майинлик талаб қилади. Яъни, ипак кийим кийишга ўрганган эркакнинг феълида юмшоқлик шаклланади, забардастлиги йўқолади. Ва бунинг исботини (шойи-ипак кўйлаклар киядиган мулойим йигитлар мисолида) ўзингиз ҳам кўриб турибсиз...

Бугунги – қадр-қимматни кийим-бош билан ўлчайдиган, аёлмонанд эркакларнинг, юз-кўзига зеб бериб ороланадиган йигитларнинг, эркаклик ғурурини бой берган даюсларнинг  ўзини ютмаса ҳам, ориятини, виқорини, шаънини ер ютиб бўлди…

Қарғага етаман деган чумчуқнинг ҳоли

...Ҳар қанча қарорлар чиқарилиб, назоратга олинмасин ва ҳар қанча насиҳату танқид қилинмасин – тўй, маърака, маросимлардаги қуюшқонга сиғмайдиган одатлар, сарф-харажатлар, бидъатлар (авжига чиқса чиқяптики), тўхтаётгани йўқ. Чунки айни масалаларда эркаклар молпараст ва обрўпараст хотинларга ўз гапини ўтказа олмаяпти, хотинининг орзу-ҳавасига бўйсуниб, дунёга қул бўляпти.

Чет юртларда не хорлик ва қийинчиликлар билан бўлсаям пул топиб келиб, мантиқсиз маросимларга, ҳашам ва дабдабага сарфлаяпти, оқибатда қарғага етаман деган чумчуқнинг ҳолига тушяпти.

«Хотинининг нафсоний орзуларига бўйсунган ҳар бир эркакни Аллоҳ жаҳаннам оташига отмай қўймайди», деганлар Ҳасан Басрий ҳазратлари. Не ёзиқки, бугун жуда кўпчилик бундай эркакларнинг жаҳаннами шу дунёнинг ўзидаёқ бошланган: оилада обрўсиз; хотинига, болаларига гапи ўтмайди; маҳалла-кўй орасида ўз ўрни йўқ; оиласидан тотувлик, рўзғоридан барака қочган; ўзини қаерга уришини билмайди – осмон узоқ, ер қаттиқ!..

Ҳазрати Луқмон ўз ўғилларига насиҳат қила туриб: «Ўғлим! Ёмон хотиндан эҳтиёт бўл! Чунки у сени имкониятингдан ортиқ ишларга даъват этиб, кучингни бемаъни нарсаларга сарфлашингга, йўлдан озишингга ва эрта қаришингга сабаб бўлади. Мабодо шундай хотинга уйланиб қолсанг, ундан сақланишнинг биргина йўли бор – измингни унга бериб қўйма, бошқарув ўз қўлингда бўлсин!» — дея таъкидлаган эканлар.

Ўша бошқарувни қўлдан чиқарган эркак нима кўйга тушаётган бўлса, ўзидан кўрсин, ҳозир гап бунда эмас. Ҳамма гап — ўшанақа оилалардан жамиятга етаётган зарарда! Яъни, эркакнинг сўзи ўтмайдиган оилаларда эркакшода қизлар, хотинчалиш йигитлар шаклланади. Бу икки тоифа ҳар қандай жамиятга, ҳар қандай миллатга бирдек зарарлидир.

Уят, ҳаё масаласи фақат аёлларгагина дахлдор деб ўйлайдиган эркаклар ўз ўринларини йўқотиб қўяётганларидан қачон уяладилар?!

Эркак ўз ўрнида бўлиши учун хонтахтани муштлаб, бақир-чақир қилиши ёки зўравонликка ўтиши шарт эмас. Чунки аёллар лаббайхўжа эркакларни қанчалик ёмон кўрсалар, ҳурматламасалар —  зуғумкор эркакларни ҳам шунчалик ёқтирмайдилар; улардан чўчишлари мумкин, лекин ҳурмат қилмайдилар. Эркак ҳар тарафлама ҳурмат ва муҳаббатга сазовор бўлсагина, ўз аслиятига —  ҳукмронлигига, раҳбарлигига қайтади.

Биз ана ўша том маънодаги раҳбарликни кутамиз. Биз ўғилларимизнинг ўз акалари, оталари қолиб, ўргимчак одамларга ҳавас қилиб улғайишини истамаймиз.

Дилфуза Комил, 
«Маърифат саодати» газетаси бош муҳаррири

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг