Ўргатилган эшаклар («Ҳайдовчининг кундалиги» рукнидан)
Қамчиқ довонидан ўтиб бораётганингизда йўл четида икки ёнига сават осилган эшаклар карвонига кўзингиз тушади. Улар Ангренда жойлашган кўмир конига кетаётган ёки кондан бу томонга қараб йўрғалаётган бўлади...
Биз азалдан бу жониворни онгсиз, деб биламиз. Ҳатто, аҳмоқ одамларни кўпинча эшакка ҳам ўхшатамиз. Шу сабаб эшак билан боғлиқ жуда кўп латифа ва ҳангомалар тўқилган. Аммо, бу тилсиз жониворлар биз ўйлаганчалик аҳмоқ ҳам эмас экан.
Ҳозир биз киракашлар учун ўлик мавсум. Бу дегани шуки, 2-3 кунда зўрға бир рейс Тошкентга бориб келамиз. Кўпчилик - ўз қадрини билган шофёрлар ўлик мавсумда ишга чиқишмайди. Уйда оёқ-қўлини узатиб ёки санатория-панаториядами, асабларини дам олдиради. Қанийди, мен ҳам дам олсам? Бир ёқдан участкани битказиш керак, болалар катта бўпқоляпти. Бир ёқдан кичик ўғилчамни қўлини ҳалоллаш керак. Хуллас... Уф-ф, чалғиб кетдим. Нима деётгандим ўзи? Ҳа-а, бўлди, ёдимга тушди.
Йўловчи йўқлиги боис, ҳаммамиз «клиент» кутиб ўтиргандик. Бир пайт таниш савдогар келиб қолди. Тошкентнинг «Чилонзор буюм бозори» (собиқ «Ипподром»)га чиқарадиган юки бор экан. 3 та машинани буюртма қилгани келибди. Ҳайдовчилар дарров жонланиб қолишди. Ёнимга ўзимизнинг «компания»даги икки укахонни олдим-да, машинамнинг юкхонаси ва салонни тўлдириб юкладим. Энди мижоз олмасдан йўлга чиқсам бўлади. Магнитофоним мурватини «Дийдор» радиосига созладим-да, «қайдасан, Тошкент?», деб йўлга тушдим. «Ана энди довонгача бемалол зерикмай кетаман», - дея ўйладим.
«Чинор» постидан ўтиб Ангренга кириб бораётганимда кўмир ташувчи эшакларга кўзим тушди. Уларнинг саватлари бўш эди. Демак, кўмирларни тўкиб, яна конга қараб йўл олишган. Эшакларнинг шундоққина ёнида гаплашиб турган йигитлардан бири қўл кўтарди. Тўхтадим.
– Ака, Тошкенгами? - сўради йигит.
– Италияга! - ҳазиллашдим мен.
– Йўғ-е?, - кулди йигит. - Ундай бўлса, йўлгача кетиб қолай, барибир Тошкендан ўтасиз-ку!
– Майли, ўтир!
– Неча пул бўлади?
– 50 доллар берсанг бўлади, ука!
– Йўғ-е, ака! Барибир «попути» кетяпсиз-ку!
– Чиқ-чиқ, бераверасан! Келишамиз!
– Йигит ёнимга ўтирди, йўлга тушдик.
У бинойидек кийинган бўлса-да, қўллари совуқданми, ёрилиб кетган, ёриқларга кўмирнинг қораси ўрнашиб қолганди.
– Кўмир сотасанми? - сўрадим ундан.
– Ҳа-а! - секин минғирлади йигит.
– Кондан ўғирлар экансизлар-да?!
– Биз ковлаб бўлинган қисмидан «чинак» қиламиз!
– Барибирмасми, вей, - дедим кулиб. - Расман рухсат берилмагандан кейин ўғирлик ҳисобланади-да.
Йигит индамади. Билдимки, гапларимдан қўрқиб кетди.
– Қўрқма, мен оддий киракашман, милиционер эмас. Инсофни ўзларингга берсин!
Жуда шинаванда эмасманми, йигитни яна суҳбатга тортдим. Ахир узоқ йўл. Мум тишлаб кетмайсан-ку!
Хуллас, йигитнинг оти Қосим экан. У уёқ-буёқдан, тоғликлар ҳаёти, қизиқ-қизиқ воқеалардан гапириб кетди.
– Эндииии ака, - деб гап бошлади Қосим. - Кўмир чангаллаб, ҳаммаёғимизни қорайтириб юриш бизгаям ҳавасмас. Илож қанча? Тоғда нима тирикчилик бўлсин?! Завод-фабрика бўлмаса. Қишда деҳқончилик қилолмасанг. Ёз бўйи йиққан-терганимизни баҳор келгунча еб битирамиз-да! Эскиларнинг бир гапи бор, «Эшакнинг меҳнати - ҳалол, гўшти - харом», деган. Аммо лекигин, сиз билан мен ахмоқ деган шу эшаклар бизни боқяпти-да. Шулар ёрдамида уйимиз исийди, бола-чақамизнинг қорни тўяди. Мана, сизни «Нексия»нгиз боракан. Аммо, биз учун энг қулай транспорт воситаси - эшак-да. Яъни, биз тоғликларнинг «Нексия»си. Сиз рулда ухлаб қолсангиз, Нексиянгиз сизни уйга оборадими? Мени кечирасиз-у, гўрга оборади! Тўй-пўйдан қайтаётиб, эшак устида бемалол мудраб келамиз, барака топгур жонивор ўзи уйини топиб келади.
Тоғлик йигит шалдир-шулдир экан, Тошкентга етгунча эшаклари ҳақида, эшакнинг садоқати ҳақида оғиз кўпиртириб мақтаб кетди.
Одатда кўмир ташувчи эшаклар устига юк ортилгач, қўйиб юборилар, улар уйни ўзлари топиб бораркан. Бир куни секин йўрғалаб бораётган эшакларни йўл назорати ходимлари тўхтатибди. Ўша куни ортилган кўмир манзилга етиб бормабди. Қисқаси, маҳаллий «таможня»да тушириб қолдиришибди. Уч-тўрт маротаба шундай бўлгач, Қосимнинг роса боши қотибди. Ахийри бир ҳийла ўйлаб топибди. Милиция формасини топибди-да, эгнига кийиб олиб эшакларни ўласи қилиб калтаклабди. Шундан буён эшакларга ортилган кўмирлар манзилга эсон-омон етиб борадиган бўлибди. Гап шундаки, калтакдан безиган эшаклар узоқдан формани кўриши биланоқ, шаталоқ отиб қочишаркан.
Ҳамроҳимнинг ҳангомаларидан ичакларим узилай деди. Пойтахтдаги опасини йўқлаб бораётган Қосим «Қўйлиқ»да тушиб қолар экан, «Ака, кўмир керак бўлса ўзимга келаверинг, сизга арзонлатиб бераман!» дея хайрлашди.
Шу-шу довондан ўтаётиб эшакларни кўрсам Қосимнинг айтганлари ёдимга тушиб, кулгим қистайди. «Оббо» жониворлар-ей!», деб қўяман.
Муаззам Собиржон қизи
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter