Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ораларида Ўзбекистон чемпиони ҳам бор» — Қаршида 19 ёшли спортчи тўппончадан ўқ еди

«Ораларида Ўзбекистон чемпиони ҳам бор» — Қаршида 19 ёшли спортчи тўппончадан ўқ еди

Иллюстратив фото

Қаршида бир гуруҳ ёшлар ўртасида оммавий жанжал юз берди. Иштирокчилардан бири 19 ёшли спортчини пневматик тўппончадан ўқ узиб, яралади. Бу ҳақда «Новости Кашкадари» хабар бермоқда.

Жанжал 3 сентябрь куни соат 21:30 да Қарши марказида, курант ва вилоят ҳокимлиги биноси яқинида юз берган. Муқаддам судланган 28 ёшли Шаҳриёр ва унинг дўстлари бир гуруҳ йигитлар билан жанжаллашиб қолган. Шаҳриёр улардан бирига пневматик тўппонча билан ўқталиб, 3 сония ичида дўстлари билан йўлнинг нариги томонига ўтишни буюрган.

Шундан сўнг жами 11 кишидан иборат йигитлар гуруҳи ўртасида жанжал бошланган. Улар ўткинчилар олдида куракда турмайдиган сўзлар билан бир-бирларини «сийлаган». Шу вақтда Шаҳриёр қочишга тушиб, биринчи дуч келган таксини тўхтатган ва уни уриб, машинадан тушишга мажбур қилган. Шу пайт машинага 19 ёшли спортчи Жонибек югуриб келган. Шаҳриёр унга бир неча марта пневматик тўппончадан ўқ узган. Икки марта қорин соҳасидан яраланган Жонибек ҳам ўз навбатида Шаҳриёрни урган.

«Воқеа жойига профилактика инспектори келиб қолмаганида бу можаро қандай якун топган бўларди, номаълум. Маълум бўлишича, жанжал иштирокчиларининг аксарияти Қашқадарё олийгоҳларида ўқиётган талабалар, айримлари ўқишга энди кирган йигитлар бўлган. Уларнинг деярли барчаси спорт билан шуғулланади, ораларида Ўзбекистон чемпиони ҳам бор. Нима учун жанжалда иштирок этдингиз, деган саволга улар дўстини хафа қилишганида қараб туролмаслигини билдирган», — дейилади хабарда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари барча ҳолатларни инобатга олган ҳолда, 9 иштирокчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича маъмурий жазо қўллашга қарор қилди. Уларни БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорида жарима ёки 15 кунлик қамоқ жазоси кутмоқда.

28 ёшли Шаҳриёрга нисбатан эса Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «в» банди (совуқ қуролни намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб безорилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, у қамоққа олинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг