«Ўқитувчиларга шароит яратиш ва маош тўлашни улардан ўрганишимиз керак». Европанинг тўрт мамлакатида таҳсил олган ҳамюртимиз Нурсултон Абдураҳимов билан суҳбат
«Хориждаги ватандошлар» лойиҳасининг навбатдаги суҳбатдоши Европа иттифоқининг Эразмус дастури стипендиати, Францияда таҳсил олаётган Нурсултон Абдураҳимов.
Нурсултон Абдураҳимов Россия Федерациясининг Архангельск шаҳридаги Шимолий Арктика Федерал университети бакалавриатурасини нанотехнологиялар ва микротизимли техникалар йўналишида имтиёзли диплом билан тамомлаган. Магистратуранинг бир семестрини Германияда ўқиди, ҳозирда Франциянинг Марсель шаҳридаги Aix Marseille университетида фотоника мутахассислиги бўйича таҳсилни давом эттирмоқда.
— Нурсултон, нанотехнологиялар ва микротизимли техникалар ўзи нима? Келинг, cуҳбатимизни шундан бошласак?
— Илмий тил билан айтганда, мен таҳсил олган йўналиш физика, кимё, биология, электроника ва тиббиёт соҳаларида эришилган ютуқларни ўрганишга ва кенг кўламда одамлар ҳаётига татбиқ этишга асосланган. Оддий ифодалаганда, ҳозирги кунда илм-фан тараққиётини белгилаб бераётган муҳим йўналишлардан бири. Нанотехнологиялар ва микротизимли техникалар мамлакатимизда нисбатан янги соҳа. Бироқ сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам унга эътибор кучаяётганини кўряпман.
Йўналишим бўйича мутахассислар илмий-тадқиқот институтларида ва тиббий-техник, ядровий физика, кимёвий-техник каби муҳим соҳалардаги компанияларда меҳнат қилишмоқда. Шу билан бирга, замонавий электроника тизимлари ва технологияларини моделлаштириш, ишлаб чиқариш ва уларни амалда тажрибалар орқали синаш ҳамда олинган натижаларни таҳлил қилиш билан ҳам шуғулланишади.
Маълумот ўрнида айтмоқчиман, микро – 10-6 ва нано – 10-9 рақамларида ифодалади.
— Нима учун магистратура босқичини айнан фотоника мутахассислиги бўйича олишга қарор қилгансиз?
— Очиғи, фотоникага қизиқишим бакалаврда ўқиб юрган кезларим, 2018 йил сентябрь-декабрь ойларида First + ( Finnish–Russian Student and Teacher Exchange Programme) ташкилоти томонидан тақдим этилган имтиёз асосида Финляндиянинг Ёэнсу шаҳридаги Шарқий Финляндия университетида фотоника йўналишида таҳсил олган вақтимда кучайган.
Кейинчалик, бакалаврлик диплом ишим («Разработка универсального экспериментального стенда для определения спектрофотометрических характеристик веществ») учун қилган илмий тажрибаларим ва шу тажрибалар асосида чоп этилган мақолаларим ҳам фотоника билан бевосита боғлиқ бўлди.
2019 йили Европа иттифоқининг Эразмус дастури грантини қўлга киритдим, айнан у фотоника йўналишида Европанинг бир қатор нуфузли университетларида сифатли таълим олиш имкониятини берди.
Фотоника нанотехнологияларнинг оптик сигналларини юзага келтириш, маълум бир йўналиш орқали тарқалиш ва яна қайта қайд қилиш тизимларини ўрганишга асосланган. Хусусан, замонавий қуёш батареялари ва ҳозирги кунда кенг қўлланилаётган лазерлар, давримизнинг энг муҳим кашфиётларидан бири ҳисобланган интернет ва телекоммуникация технологияларининг асосида айнан фотоника ётади.
Охирги 10 йил давомида икки марта айнан фотоника соҳасида илмий изланишлар олиб борган олимлар физика бўйича Нобель мукофотининг совриндорлари бўлгани ҳам бежизга эмас. Бу фотониканинг нақадар муҳим йўналиш эканлигини кўрсатади.
Юртимизда фотониканинг ривожланиши кўплаб муаммолар ечимини таъминлаши аниқ. Масалан, чекка қишлоқларда, айниқса қиш даврида кузатиладиган электр таъминоти муаммосини қайта тикланадиган энергия тизимларини ўрнатиш орқали ечиш мумкин.
— Магистратурадаги илмий ишингиз қандай муаммо ечимига қаратилган?
— Ҳали аниқ бирор мавзуни танлаганим йўқ. Аммо, диссертациямни лазер технологиялари билан боғлиқ мавзуда қилишни режалаштиряпман.
— Сизнингча, таълим соҳасида Россия ва Европа мамлакатларидан нималарни ўрганишимиз мумкин?
— Ўйлашимча, Европа мамлакатларидан ўрганадиган энг муҳим жиҳат бу аввало ўқитувчиларга тўланадиган маош ва албатта уларга яратилган шароит. Бизда ҳануз ўқитувчилар турли қоғозбозлик ва бюрократик вазифаларни бажаришга мажбур. Ўқитувчининг вазифаси аввало дарс ўтиш ва илмий тадқиқот бўлиши керак. Шундагина таълим тизимимиз ривожланади.
— Мамлакатимизда соҳангизнинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган омилларни нималарда кўрасиз?
— Тўғрисини айтсам, Ўзбекистонда фотоника йўналиши бўйича бирорта институт ёки илмий лабораториялар борлигини эшитмаганман. Шу нуқтаи назардан институт ҳам, илмий лабораториялар ҳам ташкил қилинишини хоҳлардим.
— Келажакдаги режаларингиз қандай?
— Биринча навбатда магистратура босқичини муваффақиятли тамомлашни ният қилганман. Кейин PhD босқичини Швейцарияда давом эттириш ҳам режамда бор.
Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter