Оқ кийимли фаришта тимсолидаги инсонлар...

Онанинг ҳаётдаги энг катта қувончи, шодлиги унинг фарзанди билан боғлиқ. Шу туфайли ҳам она сифатида боламнинг бехосдан бир маротаба йўталиб қўйиши, қўлини кўпроқ оғзига солиши, юрган йўлида бир-икки йиқилиши ҳам хавотиримга сабаб бўлади. Шундай пайтларда таниш шифокорларимнинг барига қўнғироқ қилиб чиқаман. Куннинг қайси пайтилигидан қатъи назар қўнғироғимга жавоб берадиган шифокорларнинг ҳам шахсий ҳаёти бўлиши, мен уни безовта қилган маҳал, балки, оила аъзолари билан дастурхон атрофида ўтириб, кечки таомни тановул қилаётган ёхуд унинг ҳам ўзига яраша муаммолари бўлиши мумкинлиги ҳақида сира ўйлаб кўрмаган эканман. Онамнинг таниш шифокори бор. Эр-хотин бир соҳада фаолият юритгани учун ҳам касаллик билан боғлиқ бирор савол туғилса, кўпроқ унга қўнғироқ қилиб маслаҳат сўрайман. Тунов куни ҳам шундай бўлди:
– Ассалому алайкум, Юсуф ака, яхшимисиз?
– Ваалайкум ассалом, нима бўлди?
– Сизни безовта қилиб қўймадимми?
– Асло йўқ. Рулда эдим. 5 сония кутиб туринг, бир чеккада тўхтаб оламан.
– Фарзандимнинг қорни оғриб қолди.
– Неччи ёш? Туғилганида ҳеч қандай асоратлар бўлмаганмиди? Нима сабабдан оғриди? Истеъмол қилган маҳсулотларини айтинг. Қайси дори препаратларидан бердингиз?... Мен сизни қийнаётган масала юзасидан келинойингиз билан ҳам маслаҳатлашаман. Ҳозир у ёнимда эмасди. У билан бир қарорга келиб кейин сиз билан боғланамиз.
Оила аъзоларимдан бири хасталаниб қолган маҳал доим шундай қилар эканман. Ушбу суҳбатни ёзиш жараёнида ўз ҳаракатларимдан уялиб кетдим. Маҳалла шифокори келгунига қадар мана шундай қўнғироқлар қилиб, фарзандимни қийнаётган муаммо ҳақида қисқача бўлсада, маълумот олишга улгураман. Юсуф ака билан суҳбатлашиш жараёнини қоғозга туширган маҳал, ушбу оиланинг нақадар меҳридарё эканига яна бир бора амин бўлдим. Уларнинг ҳаттоки фамилиясини ҳам билмаслигимдан уялиб кетдим. Шу тоб шифокорларнинг нега энди оппоқ халат кийиб юришлари сабабларидан бирини топгандек бўлдим. Тиббиёт ходими доимо ораста бўлиб юриши учун татбиқ этилган ушбу махсус кийимлар уларнинг нақадар қалби пок эканлигидан ҳам далолат бергандек, гўё. Инсон хасталаниб қолган маҳал биринчи бўлиб шифокорларга нажот кўзи билан қарай бошлайди. Худдики, унинг келгуси ҳаётини у белгилайдигандек. Бир томондан ҳақ гап. Шифокорнинг малакаси, билими бемор аҳволининг яхшиланиб, оёққа туриб кетишига сабабчи бўлиши барчамизга аён.
– Шифокор инсоннинг нафақат организми, балки руҳий ҳолатини ҳам даволайди, – дейди биз билан суҳбатда педагог Азиза Қобулова – чунки руҳиятдан ташқари тананинг ўзини даволаб бўлмайди. Педагог ҳам ўқитувчи, ҳам психолог ҳисобланади, тиббиёт ходими эса барча касблар мажмуасидан хабардор кимса. У ҳам шифокор, ҳам психолог, ҳам тўғри овқатланишни тарғиб этувчи ошпаз, ҳам тиббий маданиятни ўргатувчи ўқитувчи. Қабулга келган беморларнинг кўпчилиги, хасталиги қолиб, шахсий ҳаётидаги муаммоларини ҳам айта кетади. Шу пайтда шифокорнинг «Сиз нима учун дардингизни менга дастурхон қиляпсиз. Ўзимнинг муаммоларим ҳам етади», деганини ҳеч эшитмаганман.
Мақолани тайёрлаш жараёнида уй бекаларининг ҳам фикри билан қизиқдик. Пойтахтимизнинг Олмазор туманида истиқомат қиладиган Мавлуда Ражабова ҳам ўз мулоҳазаларини билдиришга шошилди:
– Кўпинча уй юмушлари билан бўлиб, вақтида тиббий кўрикка чиқа олмайман. Шу пайтда патронаж шифокорлар келиб, менинг ва фарзандимнинг ҳолидан хабар олиб, албатта, кўрикка чиқиб кетишим кераклигини тайинлаб кетишади. Шундай пайтлар қайнонам ҳазиллашиб, чиқмагунингизча қўйишмайди, дейдилар. Ўзимча, шундай бўлгани ҳам яхши, деб ўйлайман. Ўзбек аёллари кўпинча ўзини фарзандлари, турмуш ўртоғига бағишлаб, саломатлиги ҳақидаги масалани энг қуйи ўринга қўйишади. Ҳаттоки ушбу ҳолатларни ўйлаб ишлаб чиқилган тизим биз аёлларни саломатлигимиз ҳақида жиддийроқ ўйлашга чорлайди.
Шу ўринда бугунги кунда тиббиёт ходимлари ва уларнинг фаолиятига қаратилаётган эътибор ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни жоиз, деб билдик. Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тизимида 126 та амбулатор-поликлиника ва 41 та стационар муассаса мавжуд бўлиб, бош бошқарма ва туман бирлашмалари бошқарувида ушбу муассасалар томонидан Тошкент шаҳрининг 2 миллиондан ортиқ аҳолисига жами 8 000 дан зиёд шифокор ва қарийб 20 000 ҳамшира, ўрта тиббий ва фармацевт ходимлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Ҳозирда соҳа мутахассисларининг касбга оид билимларини янада оширишга катта эътибор қаратиляпти. Ушбу мақсадда Германия, Италия, Франция, Австрия, Корея Республикаси, Япония, Малайзия, Сингапур, АҚШ, Исроил ва бошқа мамлакатлардаги етакчи клиника ҳамда тиббиёт марказларида мутахассисларимизнинг тажриба ошириши ташкил этилаётгани сўзимиз исботидир.
Шунингдек, 2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда шифокорлар байрами сифатида кенг нишонланади. Ҳозирда аҳоли саломатлиги борасида жон куйдириб, меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари ушбу санани кенг нишонлашмоқда. Зеро, касбига садоқатли инсонлар байрам кунлари ҳам маҳоратларини ишга солиб касалликларни даволашда фаол меҳнат қиладилар.
Феруза Умрзоқова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter