Она болаларини кўп қаватли уйнинг деразасидан улоқтириб, уларнинг ҳаётини сақлаб қолди (видео)
Туркиянинг Истанбул шаҳрида бир аёл болаларини ёнаётган квартиранинг деразасидан улоқтириб, уларнинг ҳаётини сақлаб қолди. Бу ҳақда «Daily Sabah» газетаси хабар берди.
Ҳодиса 24 февраль куни Эсенлер туманида содир бўлди. Кўп қаватли уйнинг учинчи қаватида ёнғин келиб чиққан. Видеодаги кадрларда она тўртта боласини деразадан бирин-кетин улоқтираётгани, кўнгиллилар гуруҳи чойшабни чўзиб, уларни бирма-бир ушлаб олаётгани тасвирланган. Расмийларнинг маълум қилишича, болалар жароҳат олишмаган.
Қўшниларидан бирининг айтишича, дастлаб квартирадан қора тутун чиқа бошлаган.
«Сўнгра деразадан болаларнинг қичқириғи эшитилди, — деб эслайди гувоҳ. — Биз чойшабни чўздик. Aёл болаларни пастга улоқтира бошлади. Чойшаб ёрдамида тўрталасини ҳам ушлаб олдик».
Кейинчалик ўт ўчирувчилар ёнғинни бартараф этишди. Ёнғин сабаби ўрганилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter