Олис мактабларда интернет — Қорақалпоғистон ва Бухородаги вазият (видео)
Ҳаётимиз кундан кунга рақамлашиб кетмоқда. Интернетсиз бирор соҳани тассавур қилиш қийин. Коммуникация, таълим, савдо ва ҳоказоларнинг барчаси интернет билан узвий боғлиқлик касб этмоқда.
Мамлакатимизда айни йўналишга катта эътибор қаратилмоқда. Республикадаги мактабларни интернет, Wi-Fi, ички локал тармоқлар билан таъминлаш бирламчи вазифа сифатида кўрилиб, бу борада кенг ислоҳотлар қилинди. Хусусан, «Xabar.uz» Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятларида бўлди ва вазиятни яқиндан ўрганди.
Халқ таълими вазирлиги тизимида бугунги кунда умумтаълим мактабларига кенг полосали интернет ўтказилиб, ушбу мактабларда юқори тезликдаги интернетдан фойдаланиш йўлга қўйилган. Шунингдек, 7 мингдан ортиқ мактабларда телекоммуникация инфратузилмаси (компьютер синф хоналари ва ўқув ишлар бўйича директор ўринбосари хонасига ички локал тармоқ ҳамда ўқитувчилар хонасига Wi-Fi қурилмалари) яратилди. Бу ишларни амалга оширишда «Ўзбекўқувавтоматика» МЧЖ билан ҳам ҳамкорлик қилинди. Хусусан, Қорақалпоғистонда ҳам мактаблар 100 фоиз интернет билан таъминлангани қувонарли.
«Мактабларда интернет тезлигининг юқорилаши онлайн дарслар давомида бизга электрон китоблар билан ишлашда қулайликлар яратди. Kundalik.com, Kitob.uz, ERP.maktab.uz, maktab.uz, onlinedu.uz каби тизимлар билан ишлашда мактаб интернетидан фойдаланиш анча енгиллик бўлди. Мактабда интернет тезлигининг яхшиланиши нафақат ўқитувчиларга, балки ўқувчиларга ҳам фойдали бўлди. Улар бемалол компьютер хоналаридан фойдаланишлари мумкин», – деб таъкидлайди информатика ўқитувчиси Албина Косеева.
Иса Қалибаев мактабларга етказиб берилган компьютер ва интернет сифати ҳақида қуйидагиларни гапирди: «Мактабимиз энг замонавий, Кореяда ишлаб чиқарилган компьютерлар билан таъминланган. Интернет тезлиги ҳам қониқарли. Бу ўқитувчиларнинг ўз ишларини қийналмай бажаришига замин яратмоқда».
«Ўзбекўқувавтоматика» МЧЖ Қорақалпоғистон филиали бригадаси бошлиғи Рашид Туремуродовнинг айтишига қараганда, компания республикадаги 449 та мактабни локал тармоқ ва Wi-Fi тизими билан таъминлашда иштирок этган.
«Бухоро азалдан илм-фан маркази бўлган. Бугун ҳам билимли, интилувчан ёшлар кўп. Бухоронинг «айти» соҳаси бўйича брендини яратиш керак. Бунинг учун барча нарса — шароит, ресурс, интеллект бор», — деган эди Шавкат Мирзиёев жорий йил бошидаги вилоятга ташрифи вақтида. Бу борада Бухорода ҳам ҳавас қилгулик натижаларга эришилмоқда.
«Интернет тармоғининг мактабларда яхшиланиши республика миқёсида назорат қилинадиган тизимларда фаол бўлишимизни таъминламоқда», – дейди бухоролик ўқитувчи Саодат Қудратова.
Нигора Жамолова ҳам ҳамкасбининг фикрига қўшилар экан, бир қанча қўшимчалар қилди: «Ўқитувчилар хонасига интернет тушириб берилиши онлайн дарслар самарадорлигини оширди. Авваллари уйда туриб ишлаш қулай эди, ҳозир мактабда барча шароитлар бор».
Умумтаълим мактабларида юқоридаги имкониятлар яратилиши ҳамда мактабларга кенг полосали интернет тармоғининг тортилиши, ички локал тармоқ ҳамда Wi-Fi қурилмаларининг ўрнатилиши ҳамда Ягона «Электрон таълим» тармоғи инфратузилмаси яратилиши самараси Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятининг энг чекка ҳудудларида ҳам сезилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter