Олимлар қадимий дарахтлардан кучли қуёш бўрони изларини топди
Франция ва Буюк Британиялик олимлар Франция Алп тоғларидаги қадимий дарахтларнинг ўсиш ҳалқаларида радиокарбон даражасининг кескин ҳаракатини аниқлади. Радиокарбон портлашига 14,3 минг йил аввал Ерга урилган кучли қуёш бўрони сабаб бўлган. Тадқиқот Mathematical Physical and Engineering Sciences илмий журналида чоп этилди.
Мақола муаллифларининг фикрига кўра, қазиб олинган алп тоғлари дарахтлари танасидаги радиокарбон миқдори Гренландия муз ядроларидаги бериллий концентрациясига мос келади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, иккала кўрсаткич ҳам катта миқдордаги космик энергия таъсиридан келиб чиққан.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, бугунги кунда бундай кучли қуёш бўронлари замонавий технологик жамият учун ҳалокатли оқибатларга олиб келади – телекоммуникациялар, сунъий йўлдош тизимлари ва электр тармоқларини бузиши мумкин.
«Кучли қуёш бўронлари Ер учун жуда катта оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Бундай бўронлар бизнинг электр тармоқларимиздаги трансформаторларни бутунлай ишдан чиқариши мумкин, бу эса электр энергиясининг кенг тарқалган узилишларига олиб келади. Улар, шунингдек, навигация ва алоқа сунъий йўлдошларига доимий зарар этказиши ва уларни космик чиқиндиларга айлантириши мумкин. Қуёш бўронлари астронавтлар учун катта радиациявий хавф туғдиради», — деди Буюк Британиянинг Лидс университети профессори Тим Хитон.
Тарихда энг катта қуёш бўрони 1859 йил 2 сентябрга ўтар кечаси содир бўлган. У телеграф тармоқларини вайрон қилган ва шу қадар ёрқин порлашни келтириб чиқардики, қушлар чақнашни қуёш чиқиши деб ўйлаб сайрай бошлаганлар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter