Ўлим жазоси ҳақидаги ҳазили учун Япония адлия вазири истеъфога чиқарилди
Япония бош вазири Фумио Кисида адлия вазири Ясухиро Ханасини истеъфога чиқаришга қарор қилди, деб хабар берди Kyodo.
Ханасининг биз фақат биронта ўлим жазосини эълон қилганимиздагина ОАВ бизнинг вазирлик билан қизиқиб қолади, деган ҳазили можарога сабаб бўлган.
Kyodo адлия вазирининг «қовун тушириши» биринчи навбатда бош вазир Кисидага зарба бўлишини таъкидлаган. Чунки у октябр ойида «Бирлашиш черкови» сектаси билан алоқадорликда гумон қилинган иқтисодий тикланиш вазири Дайширо Ямагивани истеъфога чиқариб сиёсий таъсири кучсизланиб қолганди. Ўша воқеа оқибатида Вазирлар маҳкамасига жамоатчиликнинг ишончи кескин пасайиб кетди.
Kyodo манбаси айтишича, Ханаси ҳазил қиламан деб, ўлим жазоси тайинлашда қонунга асосланмаслиги мумкинлиги ҳақида шубҳалар уйғотган. Бироқ, агентлик маълумотига кўра, ички ишлардан чиққан Ханаси адлия вазири сифатида ҳали биронта ўлим жазосини имзоламаган.
Юқоридаги «ҳазил»нинг давоми ҳам бор: Ханаси адлия вазирлигини даромадли ва баобрў лавозим, деб ҳисобламаслигини айтган. Уни ўз лавозимига ҳурматсизликда ҳам айблашаётганди.
Бош вазир 10 ноябр куни журналистлар билан суҳбатда адлия вазири билан гаплашиб олганини, тилига, хизмат ваколатлари муҳимлигига эътибор беришга чақирганини айтганди. Ўша куни Ханаси ўз сўзлари учун кечирим сўраган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter