Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Оҳангаронда 700 минг долларга ер сотаётганлар ушланди

Оҳангаронда 700 минг долларга ер сотаётганлар ушланди

Тошкент вилояти Оҳангарон туманида чорвачиликка ихтисослашган МЧЖ раҳбари, унинг отаси ҳамда Қибрай туманидаги маҳаллалардан бирининг раиси ўзаро келишган ҳолда Оҳангарон туманида жойлашган мазкур МЧЖга тегишли 270 гектар ва унга туташ бўлган туман ҳокимлиги захирасидаги 150 гектар, жами 420 гектар ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 700 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ахборот хизмати берган маълумотга кўра, Хизматнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда мазкур 3 нафар фуқаро сўралган пулдан 100 минг АҚШ долларини олдиндан олган вақтида ушланди.  

Бундан ташқари, ДХХ Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган МЧЖ раҳбари мазкур туманда жойлашган бошқа 2 та МЧЖга қарашли 50 гектар ер майдонини гўёки ўзига тегишли эканлигини айтиб, харидорга 60 минг АҚШ долларига сотишни режалаштирганини аниқлади.  

Мазкур шахс ушбу 50 гектар ердан 30 сотихини вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутахассиси ёрдамида нотурар жой сифатида расмийлаштириб бериш эвазига қўшимча 4 минг АҚШ доллари сўраган.  

ДХХ Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда МЧЖ раҳбари ҳамда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутахассиси харидордан 64 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.  

Андижон вилоятида қайд этилган ҳолатда эса Олтинкўл туманида яшовчи 1991 йилда туғилган фуқаро туман ҳокимлиги захирасида бўлган 144 квадрат метр бўш ер майдонини алдов йўли билан гўёки ўзига тегишли эканлигини айтиб, кадастр тизимида ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 38 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланди.  

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг