Тошкентда официант қизнинг ёнини олгани учун калтакланган фуқаро қидирилмоқда (видео)
Интернетда бир неча шахс томонидан бир кишининг калтакланаётгани тасвирланган видео тарқалди. Ушбу видео Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан ўрганилган ва «Матиз» автомашинаси йўловчисини дўппослаган шахслар аниқланган. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Ҳодиса 22 апрель куни соат 23:00ларда Шайхонтоҳур туманидаги «Чақар» маҳалласида содир бўлган.
38 ёшли А.Х. танишлари: 37 ёшли Д.Г. ва 38 ёшли А.М. билан ушбу маҳаллада жойлашган кафеда кечки овқат тановвул қилган. Маст ҳолатда бўлган А.Х. ушбу кафеда ишловчи официант қиз, 23 ёшли Р.Р. билан қўпол муносабатда бўлган. Можарога гувоҳ бўлган А. қизнинг ёнини олган, сўнг кафедан чиқиб, кетмоқчи бўлган. А.Х. ва унинг икки таниши унинг ортидан чиқиб, уни аёвсиз калтаклашган.
Ҳодисадан сўнг А. номаълум томонга кетган, у на даволаш муассасасига, на ИИБга тан жароҳатлари ҳақида мурожаат қилмаган. Шу сабабдан унинг шахси ҳозирча номаълумлигича қолмоқда. ИИБ ходимлари воқеа жойига етиб боришганида, безорилар қонунга зид ҳаракатларни тўхтатиш ва яқин орадаги ИИБ бўлимига бориш бўйича талабларни бажаришдан бош тортган.
Р.Р.нинг Шайхонтоҳур тумани ИИБга берган аризаси бўйича А.Х., Д.Г. ва А.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 183- (Майда безорилик) ва 194-моддаси 1-қисмида (Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилиб, Шайхонтоҳур тумани маъмурий ишлар бўйича судига топширилган. Суд ушбу шахсларни ҳуқуқбузарлик содир этишда айбдор деб топиб, уларнинг ҳар бирига 15 суткадан маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.
«Ҳурматли фуқаролар ва пойтахт меҳмонлари! Ушбу ҳодисадаги жабрланувчининг шахсини аниқлашда ёрдам беришингизни сўраймиз. Маълумотни 102 рақами ёки ички ишлар бўлимига тақдим этиш мумкин», — дейилади ИИББ хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter