Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Навоийда уй-жойи «снос»га тушган фуқаро икки йил сарсон бўлди

Навоийда уй-жойи «снос»га тушган фуқаро икки йил сарсон бўлди

Фото: «Xabar.uz»

Навоий вилояти, Ғозғон шаҳрилик  уй-жойи «снос»га тушган фуқаронинг ҳуқуқлари ҳокимлик айби билан бир йилдан ортиқ вақт мобайнида эътибордан четда қолиб келган. Ғозғон шаҳар адлия бўлими аралашуви билан фуқарога етказилган 46 миллион 500 минг сўмлик компенсация ундириб бериладиган бўлди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га шаҳар адлия бўлими бошлиғи Сардор Сафаров маълум қилди.

Таъкидланишича, Ғозғон шаҳрини комплекс ривожлантириш мақсадида шаҳар  ҳокимининг 2021 йил 5 январдаги К-04 сонли қарорига кўра, 4р232-сонли автомобил йўлини реконструкция қилиш борасида ишлар олиб борилган. Шу асосда марҳум Йўлдош Шодмоновга тегишли бўлган уй-жойнинг 195 квадрат метр ер майдонининг 81.37 квадрат метрини бузиш ҳақида ёзма огоҳлантириш хати берилган. Марҳумнинг турмуш ўртоғи Тўхтагул Шодмонованинг ўзига етказилган зарар ва компенсацияни тўлаш ҳақидаги талабларига қарамай, шаҳар ҳокимлиги томонидан қонун ҳужжатлари қўпол равишда бузилган. Фуқаронинг уй-жойи давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олиб қўйилиб, ҳуқуқлари топталган. Унинг уй-жойи олдиндан баҳолатилмаган ва унинг қиймати аниқланмаган.

«Ғозғон шаҳар ҳокимлиги ҳужжатларида фуқаро фойдасига ундириладиган компенсация миқдорини аниқ ифода этишнинг имкони мавжуд эмаслиги кўрсатилган. Яшаб турган уйи баҳоланмай бузилган фуқаро шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилиб, уй-жойи учун компенсация тўланмаганлигидан норозилигини билдирди. Ўрганиш давомида салкам икки йилдан буён фуқаронинг талаблари қондирилмай келинаётгани аниқланди. Бу қонун талабларига зиддир», —деди адлия бўлими бошлиғи.

Адлия бўлими бошлиғининг бидиришича, Ер кодексининг 41-моддасида ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқларининг бузилиши натижасида етказилган зарар ҳамда ушбу Кодекснинг 86-моддасига мувофиқ, бошқа барча зарарлар тўла ҳажмда қопланганидан кейин олиб қўйилиши мумкинлиги белгиланган.

Ушбу фуқарога тегишли хусусий мулкнинг бир қисми давлат ва жамият фойдасига олиб қўйилганини тушунса бўлар, аммо мутасаддилар айби билан «снос»га тушган уй-жой нархи баҳоланмагани қонунбузарликдир. Бу ҳолатда компенсация пули миқдори аниқ эмаслиги важи мутасаддилар учун дастак бўлиб келган. Адлия иш юритувидаги ушбу қонунбузилиш ҳолатига оид ҳужжатлар Навбаҳор туманлараро судига юборилди. Суд Ғазғон шаҳар ҳокимлиги томонидан уйи бузилган фуқарога 46 миллион 500 минг сўм ундириб берилиши бўйича қарор белгилади», — деди Сардор Сафаров.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг