Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Навоий «СЭС» бош врачи ва омбор мудири ҳибсга олинди

Навоий «СЭС» бош врачи ва омбор мудири ҳибсга олинди

Фото: «Xabar.uz»

Навоий вилоят Санитария-эпидемиология осойишталик маркази мансабдор шахсларига ҳамда бошқаларга нисбатан ЖК (Жиноят кодекси)нинг 167-моддаси (ўзлаштириш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда «Xabar.uz» сўровига асосан Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилмоқда.

Жиноят иши Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан терговга қадар ўтказилган текшириш натижаларига кўра қўзғатилгани айтилади.

Хабарда мамлакатда коронавирус пандемияси сабабли карантин эълон қилинганлиги муносабати билан вилоятда санитария ва эпидемиологик осойишталикни таъминлашга масъул шахслар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.03.2020 йилги ПФ-5969-сонли Фармони асосида ташкил қилинган Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан ажратилган маблағларни мақсадсиз сарфлагани таъкидланади.

Жумладан, марказ мансабдор ва моддий жавобгар шахслари жами 509 млн. 863 минг сўмлик товар моддий бойликларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишганлиги аниқланган.

Айни пайтда марказ бош врачи ва омбор мудирига нисбатан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги ва ўзлаштириш жиноятлари бўйича айб эълон қилиниб, уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда жиноят иши доирасида ҳолатга алоқадор бошқа шахсларнинг айблилик масаласи ҳал қилинмоқда.

Шунингдек, марказнинг 7 нафар мансабдор ва моддий жавобгар шахсларнинг турар жойларида тинтувлар ўтказилганда, марказ раҳбарининг хонадонидан 6 дона кўп тармоқли даволаш ва 1 дона ташхис қўйиш ускуналари ҳамда марказнинг 2019 йил учун юритилган буйруқларни рўйхатга олиш китоби, хўжалик мудирининг хонадонидан 8 тўплам инфекцияга қарши махсус ҳимоя кийими ва 5 турдаги тиббий ҳимоя воситалари олинган.

Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг