Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Мурожаатчилар Президент ҳаракатланаётган кортеж йўлига чиқмоқчи бўлишган». Миллий гвардия матбуот хизмати баёнот берди

«Мурожаатчилар Президент ҳаракатланаётган кортеж йўлига чиқмоқчи бўлишган». Миллий гвардия матбуот хизмати баёнот берди

Фото: «Gazeta.uz»

Ўзбекистон Миллий гвардияси матбуот хизмати республика хотин-қизлар қўмитаси биноси қаршисида содир бўлган ҳодиса юзасидан баёнот берди:

2019 йил 20 май куни соат тахминан 08:45ларда фуқаролар — Г.Ташматова, М.Хаитова, М.Акбарова, Г.Каримбекова ва Х.Эргашева Мирзо Улуғбек тумани, Мустақиллик шоҳ кўчаси, Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси биноси қаршисида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳаракатланиши учун мўлжалланган махсус йўналишда тўпланиб, давлат раҳбарининг мазкур йўналишдан ҳаракатланишини билган ҳолда, махсус йўналишда ҳаракатланаётган кортеж йўлига чиқиб мурожаат қилмоқчи бўлганлар.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ушбу фуқароларга мазкур йўналиш бўйлаб тўпланиб туриш ва давлат раҳбарига бундай тарзда мурожаат қилиш мумкин эмаслигини айтишган. Шунингдек, ўзларининг қизиқтираётган саволлари билан тегишли тартибда мурожаат қилиш лозимлигини тушунтириб, махсус йўналишдан четроқда туриш кераклигини айтганларида, юқорида исмлари қайд этилган фуқаролар Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларини ҳақорат қилиб, шовқин-сурон кўтаришиб, қонун доирасидаги талабларни бажаришдан бош тортиб, қаршилик кўрсатганларига қарамасдан махсус йўналиш учун жавобгар бўлган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари белгиланган тартибни таъминлаганлар.

Юқорида номлари зикр этилган фуқароларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари бўйича суриштирувни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимлари ўтказган. Ўзларини «жабрланувчи» қилиб кўрсатаётган фуқароларга нисбатан Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ўтказилган суриштирув материаллари асосида Суд органи қонуний баҳо бериб, уларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари судларга берилган ваколатларга эга эмас.

Ҳурматли ватандошлар!

Мамлакатимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилаётган, жамоат тартибини сақлашга масъул ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида берган кўрсатмаларини тўғри қабул қилишингизни сўраб қоламиз.

Зеро, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга сафарбар этилган орган ходимларига ҳар қандай хатти-ҳаракатларга синчковлик билан эътибор қаратиш вазифаси юклатилган.

Азиз ҳамюртлар! Агарда учинчи шахслар томонидан Сизнинг ҳуқуқларингиз поймол этилган бўлса ёки бирор бир шикоят-арзингиз давлат ташкилотлари томонидан қонуний ҳал қилинмаётган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари эшиклари Сиз учун доимо очиқдир.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеоёзувлар ҳамда постларда акс этаётган асоссиз маълумотларга ишониб, давлат ташкилотлари ва фуқароларнинг қонуний манфаатларига путур етказувчи, мажбуран юзага келаётган хатти-ҳаракатларингиз эса маълум бир кўринишдаги жавобгарликка олиб келади, дейилади Миллий гвардия матбуот хизмати баёнотида.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг