Мисрда қимматбаҳо тошлар билан безатилган ҳайкал топилди
Қадимги Саккара қабристонида қазув ишларини олиб бораётган мисрлик археологлар бир нечта яхши сақланган қадимий ҳайкал ва қадимги тош тобутларни топишди. Текширув натижасида ҳайкалда ўсимлик, гул ва гиёҳлар маъбуди Нефертум тасвирлангани аниқланди. Бу ҳақда «Ahram Online» хабар берди.
Ҳайкал бронзадан ясалган. У XXVI сулола (милоддан аввалги 685-525 йиллар) даври қабрлари ёнидан топилгани учун ўша даврга мансуб деган хулосага келишди. Тарихчиларнинг сўзларига кўра, XXVI сулола, шунингдек, Саис сулоласи деб ҳам аталади. Улардан кейин мамлакатни форслар босиб олишган. Шундан сўнг бир неча юз йиллар давомида Миср чет элликлар ҳукмронлиги остида қолган.
Нефертум ҳайкали ва қадимги тош тобутлар 11 метр чуқурликда жойлашган. Ҳайкалнинг фируза, ложувард, қизил ақиқ каби қимматбаҳо тошлар билан безатилгани олимлар эътиборини жалб этди. Унинг бўйи тахминан 35 см.ни ташкил этади. Тагига эса эгасининг исми ёзиб қўйилган: Бади Амун. Нефертум Миср анъаналарига хос равишда бошига нилуфар гули таққан йигит кўринишида тасвирланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter