Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Миср сиёсий ва гуманитар алоқаларни тикламоқда

Миср сиёсий ва гуманитар алоқаларни тикламоқда

Фото: «Vivu.ru»

Миср ташқи ишлар вазирининг араблар ишлари бўйича ёрдамчиси Ёсир Усмон ва Қатар ташқи ишлар вазирининг минтақавий масалалар бўйича махсус вакили Али бин Фахад Хажрий ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Миср ва Қатар муносабатларни қайта тиклаш бўйича маслаҳатлашувларнинг учинчи даврасини олиб бордилар. Томонлар алоқаларни тиклаш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолашди. Почта, фуқаро авиациясини қайта йўлга қўйишга ҳам келишиб олинди.

Қатар 2013 йилда ҳокимиятни йўқотган «Мусулмон биродарлари» ҳаракатининг асосий ҳомийси бўлгани учун янги маъмурият алоқаларни узган эди. 2021 йил январда эса иқтисодий ва сайёҳлик алоқалари тикланган эди.

Яқинда Шарм аш-Шайх шаҳрида президент Абдул Фаттоҳ Ас-Cиси Исроил бош вазири Нафтали Беннет билан музокаралар ўтказган эди. Бу Исроил бош вазирининг сўнгги 11 йилда Мисрга илк ташрифи ҳисобланади. Уч соат давом этган мулоқот чоғида минтақада тинчлик жараёнларини қайта тиклаш имкониятлари кўриб чиқилди. Ғазо сектори атрофидаги зиддиятлар кун тартибидан ўрин олган эди.

Таъкидлаш керакки, пандемия сабабли катта иқтисодий зарар кўраётган расмий Қоҳира ҳозирда сайёҳлар сонини оширишга катта урғу бераяпти.

Мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 9 фоизини берадиган тармоқ 2020 йилдаги чекловлар натижасида 55 фоиз даромадларини йўқотди. Бу сўнгги ўн йилликда кузатилмаган мисли кўрилмаган йўқотиш бўлди.

«Мамлакатда дам олишга келган ёки томоша қилиш истагида қадам қўйган меҳмонларда коронавирус аниқланса, тиббий харажатлар ҳукумат томонидан тўлаб берилади», — дея баёнот берди мамлакат сайёҳлик ва қадимийлик вазири Ҳолид ал-Ананий.

Бу ҳақда хабар олиниши билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Сайёҳлик вазирликларига мурожаат қилинади. Сайёҳ енгил шаклда бемор бўлса, меҳмонхонада алоҳида жойлаштирилиб, барча шароитлар яратилади. Оғир касаллар эса шифохонага жойлаштирилади ва соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан харажатлар қопланади.

«Сайёҳлик қайта тиклана бошлади, йилнинг иккинчи ярмида, эмлашлар кўпайиши билан тармоқ яна ривожлана бошлайди. Август ойидан рус сайёҳлари Қизил денгиз курортларига келиши бўйича рейслар тиклангани ҳам бунга катта имкон бермоқда», — дейди Араб сайёҳ гидлари иттифоқи бош директори Ислом Фарес.

Россия 2015 йилда 224 кишининг ўлимига сабаб бўлган авиалайнердаги портлашдан кейин тўғридан-тўғри қатновларни тақиқлаб қўйган эди.

Дилдора Шомуродова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг