Миш-миш тарқатган чек ва 20 фоизли ҚҚС. Зафар Ҳошимов вазиятга ойдинлик киритди
Ижтимоий тармоқларда тарқатилган таркибида қўшимча қиймат солиғи қайд этилган касса чеклари кенг муҳокамалар келтириб чиқарди. Кўпчилик фойдаланувчилар шошма-шошарлик билан буни нархларнинг устига яна 20 фоиз қўшилиши, деб хулоса чиқарди. Бу ҳолатга «Korzinka.uz» тармоғи асосичиси ва раҳбари Зафар Ҳошимов ойдинлик киритди:
Бизнинг харид чекларимиз мазкур виртуал муҳокамаларда қайд этилмаганига қарамасдан (тармоғимиз дўконлари кеча ишламади, ходимларимизга бир кунлик хордиқ бердик. Бунинг устига маҳсулотларнинг нархлари таркибидаги ҚҚС кўрсатилган қаторни ҳали чекларимизда жорий этмадик), чакана савдодаги ҳамкасбларимиз ҳимояси учун бир қанча омилларни келтиришни лозим топдим.
Кеча чекларни кўриб, шахсан ўзим шаҳримиздаги бир қанча супермаркетларни (бизнинг супермаркетларимиз ишламаганини яна бир бор ёдга солсам) айланиб чиқдим. Харид қилиб, чек ҳамда нарх ёрлиқларидаги нархларни текширдим. Чекларда ҚҚС билан биргаликда инобатга олинган нархлар кўрсатилган бўлишига қарамасдан, маҳсулотларнинг умумий қиймати, шу жумладан, ҚҚС ҳам бир тийинга ошмаган эди. Харидорларнинг ўзлари ҳам бунга осонгина ишонч ҳосил қилишлари мумкин. Барча нарх ёрлиқларида нарх ўрнатилган сана мавжуд. Шу таҳлит, пештахталарда нархи билан кўрсатилган ушбу маҳсулотларнинг барчаси октябрь, ноябрь ва декабрь саналарида қайд этилган. Мен саналар билан бирга кўрсатилган юздан ортиқ нарх ёрлиқларини кўздан кечирдим. Чакана савдода нархлар ўсмаганига амин бўлдим.
Эҳтимол ушбу сўзларим айрим харидорларимиз учун бирмунча янгилик бўлар, аммо хоҳлайсизми, йўқми, ўзимизга маълум ёки номаълумми, барчамиз томонимиздан харид қилинадиган маҳсулотларнинг нархлари таркибида солиқлар бор.
Солиқларнинг миқдори ҳамда устамаларининг чекларда пайдо бўлиши маҳсулотлар нархларининг таркибидаги солиқларнинг намойиш этилишидан бошқа нарса эмас. Бу эса жуда ижобий ҳолат, деб ўйлайман.
Биз аввал ҳам ушбу ва бошқа шу каби солиқларни тўлаб келганмиз. Илк марта мазкур жараён шаффоф ва очиқ намоён этилмоқда, бу улкан тараққиёт.
Шахсан мен учун бу талваса ёки жазавага тушиш учун сабаб эмас, балки хушхабардир. Яна бир бор таъкидлайман, солиқ олишнинг янги тартиби жорий этилганига қарамасдан, чакана савдодаги нархлар ўзгаришсиз қолган.
Бироқ мен қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бир қанча турининг нархлари борасида ҳавотирда эканлигимни қўшимча қилмоқчиман. Маълумки, ҳукумат сотуви бўйича айланмаси қўшилган қиймат солиқлари (ҚҚС)дан гўшт, тухум, балиқ, гуруч, нон маҳсулотлари, картошка, пиёз ва шакарни озод қилиб истеъмолчиларни ушбу муҳим маҳсулотларга бўлган нархларнинг ўсишидан муҳофаза қилди.
Фикримча, ушбу қадамнинг ўзиёқ улкан бир ўсиш бўлишига қарамасдан, жорий этилаётган ҚҚС сезиларда даражада нархини кўтариб юборадиган яна бир қанча муҳим ҳамда ижтимоий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари борлигига эътибор қаратиш лозим, деб ўйлайман. Ахир, сабзи, лавлаги, сут маҳсулотлари, карам, мош, помидор, бодринг ва бошқа шу каби маҳсулотлар савдода ҚҚСга тушади, бунинг устига, аграр ишлаб чиқаришда ҚҚС йўқлиги сабабли уларга кўра тўланган солиқларни ҳисоблашнинг имкони йўқ. Ушбу маҳсулот турларида ҚҚС тўғридан-тўғри нархларга таъсир этмасдан қолмайди. Мен, қўшилган қиймат солиғидан озод этиш бўйича имтиёз берилиши керак бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг тўлиқ рўйхатини тақдим этдим. Аммо, ростини айтсам, ягона ер солиғининг бекор қилиниши ва қишлоқ хўжалигида тўлиқ ҚҚС тартиби жорий этилиши тарафдориман. Чунки қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш жараёнининг ўзидаёқ таркибида ҚҚС мавжуд бўлган жуда кўплаб хом-ашё ҳамда материаллар: емиш, ўғит, техника, ёқилғи ва бошқалардан фойдаланилади. Ушбу ҚҚС эса жараёнда занжир кўринишида ўтмасдан, маҳсулотларнинг таннархига бор бўйича «ётиб олади». Шу тарзда улардан ушбу маҳсулотни ҚҚСсиз харид қила туриб, биз, чакана савдо вакиллари яна бир бор ушбу миқдордан яна тўлиғича солиқ тўлаб, олиб харидорларга «узатишимиз» керак. Ўз-ўзидан, табиийки, ушбу қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархи солиққа тортишнинг бошқаруви йўқлиги сабаб ошиб бораверади. Айтишим керакки, менинг танқидларимни диққат билан тинглашди, умид қиламанки, тез орада улар керакли манзиллар томон етказилиб, ҳал этилади.
Бошқа тоифадаги маҳсулотларга тўхталадиган бўлсам, саноат ишлаб чиқариши ва импорт товарлари бўйича нарх борасида ҳеч қандай муаммо йўқ ва бўлиши ҳам кутилмаяпти. Ҳаттоки ушбу товарларнинг нархлари бироз тушиши ҳам мумкин.
Биз ҳар йили тармоғимизда «Korzinka.uz» индексини ҳисоблаймиз. Бунинг учун биз тармоғимизда сотиладиган барча маҳсулотларнинг ўртача меъёрий нархини оламиз ва ўтган йилдаги нархи билан солиштирамиз. Шу тарзда мазкур нарх индекси ўтган йилда 11,4 фоизни ташкил қилди. Яъни, мамлакатдаги ўртача инфляция индексидан ҳам камроқ.
Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, давлат 17-18 фоиз атрофидаги нисбатан кўпроқ инфляцияни кутган экан. Лекин, айнан бозордаги рақобат ўсиши, хўжалик субъектларининг конвертацияга бўлган талабининг бир хилда қондирилиши ва истеъмол бозорининг маҳсулотлар билан тўлдирилиши инфляцияни 15 фоиз атрофида ушлаб қолишга олиб келди.
Ўзимдан мисол келтирадиган бўлсам, тармоғимиз чиқимларнинг оптималлаштирилиши, самарали логистика ва кенгайиш ортидан келтирилган самара туфайли инфляция кўрсаткичидан ҳам пастроқ нархларни бозорга таклиф эта олдик. Хулоса ўрнида умумий қилиб айтадиган бўлсам, ислоҳотларнинг самарали бориши учун алоқа ўрнатиш ва талаб-таклифларга қулоқ тутиш муҳимдир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter