Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мирзиёев Хива туманидаги маҳаллада бўлди (фото)

Мирзиёев Хива туманидаги маҳаллада бўлди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти Хива туманидаги  Истиқлол маҳалласида бўлиб, аҳолининг яшаш шароити билан яқиндан танишди.

Маҳаллада 3 минг 200 нафарга яқин аҳоли яшайди. Бу ерда 10 та ишлаб чиқариш корхонаси, 30 га яқин хизмат кўрсатиш шохобчаси, ёндош ҳудудда фермер хўжаликлари мавжуд. Одамлар асосан тадбиркорлик ва деҳқончилик билан шуғулланади.

Яқинда маҳалла идораси биноси таъмирланиб, тўлиқ жиҳозланди. Ҳудуддаги мактабгача таълим ташкилотлари, мактаб ва тиббиёт масканида барча шароитлар бор.

Маҳалла фаоллари Президентимизга одамларнинг турмуш тарзи, даромади, ёшларнинг муваффақияти ҳақида сўзлаб берди. Маҳаллада ишсиз аҳолини доимий ва мавсумий ишларга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ижтимоий дафтарларга киритилган фуқаролар билан индивидуал ишлаш тизими самара бермоқда. Ишсизларга деҳқончилик учун ер бериш тажрибасининг Хоразм учун аҳамияти катталиги айтилди.

Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги фармонига мувофиқ, маҳалла институтининг жамиятимизда ва аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатидаги роли оширилди. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, солиқчи ва ижтимоий хизмат ходимидан иборат «маҳалла еттилиги» ташкил этилди.

Ушбу тизим вакиллари билан мулоқотда халқни рози қилишда маҳалла тизимидаги самарали фаолият, ҳамжиҳатлик муҳимлиги қайд этилди. Бунда қуйи бўғиндаги давлат вакиллари ўзларига берилган ваколатдан фойдаланиб, одамларни рози қилиши кераклиги таъкидланди.

Вилоятда ишсизликни камайтириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш доимий вазифа экани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари маҳаллаларда бўлганида бирор хонадонда меҳмон бўлиши яхши анъанага айланган. Бу одамлар билан янада яқин бўлиб, самимий суҳбатлашишга хизмат қилади.

Бу гал ҳам шундай бўлди. Президент маҳаллада яшовчи Собиржон Матжонов хонадонига ташриф буюрди. Оила бошлиғи қишлоқ хўжалиги илмини яхши билади. Хонадон соҳиблари мўжазгина томорқада иссиқхона қуриб, қулупнай етиштиради. Шунингдек, уй шароитида балиқчиликни йўлга қўйган. Парвариш қилинаётган парранда – юздан ортиқ товуқ, мингга яқин бедана оилага қўшимча даромад келтирмоқда.

Суҳбатда аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, ёшларни меҳнатга ўргатиб, касб бериш муҳимлиги, бунинг учун давлат томонидан барча шарт-шароитлар яратилиши таъкидланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг