Мирзиёев уч муҳим соҳадаги тақдимотлар билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев 16 август куни транспорт, энергетика ва саноат соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Транспорт инфратузилмаси кенглиги ва қулайлиги мамлакат ривожини кўрсатувчи, унга қўшимча импульс берувчи муҳим омил. Юртимизда бу соҳада кўплаб лойиҳалар амалга оширилиб, автомобиль, авиация, темир йўл, метрополитен каби барча тармоқларда янги объектлар ишга туширилди.
Шундай лойиҳалардан яна бири – «Тошкент-Шарқий» аэропортининг янгиланиши. Давлатимиз раҳбари ўтган ойда унинг қурилишини бориб кўрган эди. Унда берилган топшириқлар асосида мажмуа бош режаси самарадорлик жиҳатидан такомиллаштирилди. Хусусан, аэропорт ҳудуди 130 гектарга қисқартирилади. Бунинг эвазига уни сақлаб туриш харажатлари ҳам камаяди.
Ҳозирда 4 километр узунликдаги учиш-қўниш йўлаги қуриб бўлинган. Бу ерда 2 та – юқори мартабали меҳмонлар учун ҳамда бизнес-авиация терминали бўлади. 25 та самолёт учун тураргоҳ, ангарлар, маъмурият ва хизмат кўрсатиш бинолари барпо этилади. Аэропорт ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам учиш-қўнишни таъминловчи ICAO III-А тоифасидаги замонавий радиотехника ва метеорология ускуналари билан жиҳозланади.
Тошкент шаҳри ривожлангани сари аҳоли сони ҳам, уларнинг фаоллиги ҳам ошиб бормоқда. Буни шахсий автомобиллар кўпайиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Лекин, шу билан бирга, шаҳар кўчаларида тирбандлик ҳам ортмоқда.
Маълумки, бу муаммони ҳал этишнинг йўли – жамоат транспортини ривожлантириш, унда юришни автомобиль ҳайдашдан кўра қулай қилиш. Шу мақсадда, Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ, Тошкент шаҳрига янги автобус ва электробуслар олиб келинди. Йўловчи ташиш қуввати ошиб, жамоат транспортининг оралиқ вақти қисқарди.
Шаҳарда тирбандликни камайтириш учун Тошкент метрополитенининг охирги ва серқатнов бекатлари ёнида автотураргоҳлар барпо этиш режалаштирилган. Мақсад – одамлар шахсий автомобилини шу ерда қолдириб, шаҳар ичкарисига жамоат транспортида боришига шароит яратиш.
Шунингдек, тақдимот давомида мамлакатимизда энергетика қувватларини ошириш масаласига эътибор қаратилди. Жумладан, пойтахтимизда электр энергияси тармоқларининг фавқулодда ҳолатларга бардошлилигини мустаҳкамлаш ҳамда муқобил энергия манбаларини интеграция қилиш чоралари кўрилмоқда.
Қайта тикланувчи энергия тармоғида жами қуввати 13 минг 777 мегаваттлик 33 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Шу билан бирга, электр энергияси инфратузилмасини такомиллаштириш ва об-ҳаво шароитларига чидамлилигини ошириш, захира қувватлар ҳосил қилиш, истеъмолни ақлли бошқариш бўйича иш олиб борилмоқда.
Тақдимотда Тошкент шаҳрида саноатни ривожлантириш кўрсаткичлари ва режалари тўғрисида ҳам ахборот берилди.
Бугунги кунда пойтахтимиз иқтисодиётининг 34 фоиздан зиёди саноат ҳиссасига тўғри келади. Ўтган йили 110 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Айниқса, озиқ-овқат, металлургия, тўқимачилик тармоқларида ўсиш юқори бўлган.
Бу соҳадаги имкониятларни кенгайтириш мақсадида «Янгиҳаёт» индустриал технопаркини кластер тизимига ўтказиш таклифи билдирилди. Унинг майдони 500 гектар бўлиши, 810 та корхона жойлаштирилиши ва 100 мингта иш ўрни яратилиши мўлжалланган. Кластер тизими йўлга қўйилиши натижасида ишлаб чиқариш сифати ошиб, транспорт харажатлари ва таннархни камайтиришга эришилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter