Микрокредитбанк тадбиркорлар учун катта имкониятлар тақдим этмоқда

Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича яна бир муҳим қадам қўйилди.
Президентнинг 2024 йил 8 апрелдаги “Факторинг хизматлари бозорини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Микрокредитбанк тизимида бир қатор инновацион хизматлар амалиётга жорий этилди. Бу ҳақда Банк Ахборот хизмати хабар берди.
Энг аввало, тадбиркорлик субъектлари учун махсус ишлаб чиқилган “Факторинг хизмат кўрсатиш модули” ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз. Бу модул 6 ойгача бўлган муддатда, хизмат давомийлигига қараб 2 фоиздан 12 фоизгача дисконт ставкаси билан молиявий ресурслар тақдим этади. Мазкур механизм айниқса пул айланмасида вақтинча қийинчиликка дуч келаётган корхоналар учун муҳим молиявий “кўприк” вазифасини ўтамоқда.
Шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи субъектлар ҳам эътибордан четда қолмади. Экспорт ва импорт операциялари учун чет эл валютасида — АҚШ доллари ва евро ҳисобида — факторинг хизматлари модули йўлга қўйилди. Бу орқали тадбиркорлар 6 ойгача муддатда 1,3 фоиздан 7,8 фоизгача дисконт билан молиявий ёрдам олиш имкониятига эга бўлдилар.
Алоҳида таъкидлаш керакки, “Парранда факторинг” деб номланган янги модул паррандачилик соҳасига ихтисослаштирилган. Бу ташаббус Президентнинг 2025 йил 30 январдаги ПҚ-34-сон қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Мазкур модул парранда гўшти ва тухум етиштиришда кооперация механизмларини жорий этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигидаги самарадорликни оширишни кўзда тутади. Факторинг хизматлари эса бу соҳада ҳам 1 фоиздан 7 фоизгача дисконт билан тақдим этилмоқда.
Келтирилган рақамлар мазкур ташаббусларнинг амалдаги самарасини яққол тасдиқлайди:
- 2024 йил давомида тадбиркорлик субъектларига 42,2 миллиард сўм миқдорида молиявий хизматлар кўрсатилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 41 миллиард сўмдан ошди.
Шубҳасиз, Микрокредитбанк томонидан жорий қилинган факторинг хизматлари модуллари кичик ва ўрта бизнес субектлари учун янги молиявий имкониятларни яратди. Бу эса тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter