Мен ўзбекман, ўзбекча гапиринг...
— Ассалому алайкум.
— Здравствуй.
— Яхшимисиз?
— Да, ничего. Как сам?
— Ҳаммаси яхши. Ишларингиз яхшими?
— Да, потихоньку идёт.
— Оилангиз тинчми?
— Слава богу, а у тебя?
— Худога шукр. Саломатмисиз?
— Нет, все нормально.
— Нима янгиликлар?
— Все по старому, живём. Как сам?
— Юрибмиз, ишлаб, жавлон уриб.
Бу каби суҳбатни ҳаётимиз давомида жуда кўп марта эшитганмиз, ҳатто ўзимиз бу жараёнда иштирок этганмиз. Лекин ҳеч қачон суҳбатдошимизга ўзбек тилида гапиринг деган талаб қўймаганмиз. Аксинча, у қайси тилда жавоб қайтарса, унга осонроқ бўлиши учун унинг тилида гапиришга ҳаракат қилганмиз. Яна бир ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Бошқаларда ўзидан каттага ҳам бемалол «сен» деб мурожаат қилаверади. Бу уларнинг одати. Биз ҳеч қачон уларга «мен сендан каттаман, мени «сиз» деб гапиргин» демаймиз.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддасига «Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади» кўринишида ўзгартириш киритиш бўйича кўрсатилган ташаббус республикамиз ҳудудида истиқомат қилувчи баъзи фуқаролар, бошқа миллат вакилларининг фикрича, кўпмиллатли Ўзбекистонда уларнинг тилига рахна солиш экан.
Айнан улар томонидан кўп миллатли деб аталаётган ана шу Ўзбекистонда юз нафар ўзбек даврасига бир нафар бошқа миллат вакили келиб, қўшилса, унга тушунарли бўлсин дея ўзи бу тилни яхши билмаса унинг тилида ёки у тушунадиган тилда гапиришга ҳаракат қилади. Ўзбек миллати шунақа бағрикенг, меҳмондўст.
Шу ўринда бир фикр. Нега ўзбек хорижга бориб, «Мен ўзбекман, ўзбекча гапиринглар, демайди?». Нега биз қайси давлатга борсак, ўша давлат тилида ёки улар тушунадиган тилда гапирамиз-у, биз шу юртда туғилиб ўсган, шу юртнинг нонию бошқа неъматларидан баҳраманд бўлаётганларга шу талабни қўя олмаймиз? Аслида қўя олмаймиз эмас, балки бундай талаб қўймаймиз, биз тенглик, жуда кўп марта таъкидланаётганидек, кўп миллатлиликка қарши эмасмиз. Бечора ўзбек ҳамманинг тилини, урф-одатини, анъаналарини қўллаб-қувватлайди, лекин ўз тилини ҳурмат қилишларини айтса, ёқасидан олишади. Энг қизиғи, ёқадан олаётганлар орасида ўзбек миллати вакилларининг борилиги одамга алам қилади.
Ахир шу Ватанда туғилган, вояга етган, таълим олган ва фаолият юритиб келаётган бир фуқаро сифатида Ўзбек тилининг давлат тили сифатида мавқеини ошириш ҳамда унинг фойдаланилиш доирасини янада кенгайтиришга қаратилган бу ташаббусни қўллаб-қувватлаши керак эмасми? Бугун Ўзбекистонда яшаётган бошқа, хусусан рус миллати вакилларининг бу жараёнга қаршилик кўрсатаётганлигини қайсидир маънода тушуниш мумкиндир, лекин СИЗларга нима бўляпти?
Ортиқча эҳтиросга берилишнинг ҳожати йўқ. Чунки бу ерда биров бировни камситаётгани, менсимаётгани йўқ. Дўппини бошдан олиб қўйиб, яхшилаб эътибор бериладиган бўлса, бу ташаббуснинг таг замирида дод-вой қилинаётганидек, бировни камситиш, бировнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилиш деган нарса нияти, мақсад йўқ. Ҳаммаси жуда оддий: давлат ташкилоти раҳбари ташкилотда давлат тилида иш юритишни тўғри ва самарали йўлга қўймаганлиги, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинмаганлиги учун жавобгар бўлади, холос. Бунинг учун facebook ёки бошқа ижтимоий тармоқларни, бутун Интернет жаҳон тармоғини бошга кўтариш шартмас.
Яна бир гап. Қайсидир ташкилот Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритяптими, марҳамат қилиб, Ўзбекистон Республикаси қонунларига риоя қилсин! Кимлардир таъкидлаётганидек, ўта малакали, тажрибали мутахассис, давлат ташкилоти раҳбари фикрини давлат тилида баён қила олмаяптими, ундай бўлса, унинг у фикрлай оладиган тилда фикрлаши, фикрларини ёзишига ҳеч ким тўсқинлик қилмаяпти, шунчаки уни оммага (бирор бошқа ташкилотга юборишда) кўрсатишда давлат тили қоидаларига риоя қилса бас! Бошқа ҳеч қанақа ортиқча талаб йўқ!
Хорижий давлатларда ишлашга бораман десангиз, сизга, энг аввало, ўз тилини ўргатади. Хоҳ у пуллик бўлсин, хоҳ текин. Ана шу давлат тилини билишингиз бўйича имтиҳон топшириб, етарли балл тўплай олсангизгина, у ерга бориб ишлашингиз мумкин. Шунда ҳам бирор ташкилотда раҳбар, бошқарувчи, муҳандис, ҳисобчи бўлиб эмас, ооооддийгина ишчи бўлиб, ишлашингиз мумкин.
Азиз Ватандошим (миллатдошим эмас)! Буни шунчаки тушунишингиз, янаям тўғрироғи тушунишни хоҳлашингиз керак, холос. Тушунишингиз учун эса ўзингиз яшаётган Она Ватанни ҳурмат қилишингиз, севишингиз зарур!
Нурилла Абдуллаев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter