Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Меҳнатдан қадр топган инсон

Меҳнатдан қадр топган инсон

- Ҳой, Ҳасанбой, ким айтади сени уйбоши деб, икки кундан бери охирги йўлак олдидаги ярим халта ахлатни бирор киши олайин демайди. Ахир буни шу уйдаги бирор хонадоннинг боласи ташлагани аниқ.

- Ассалому алайкум, Усмон ака, агар тасарруфингиздаги ширкат мулкдорлари билан кенгашсангиз, келаси якшанба кичик мажлис ташкиллаштирсак. Одамларингизнинг менга аталган саволлари йиғилиб қолган бўлса керак...

Ҳар тонг, одатдагидай, “Пахтазор” мавзесида жойлашган кўп қаватли уйлар олдидан ишга қатнайдиган Норча аканинг таклифларию танбеҳларига маҳалла аҳли кўникиб ҳам қолишган.

Дарров хаёлингизга бу киши маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлса керак, деган ўй келгандир? Адашасиз, ҳикоямиз қаҳрамони – Норча ака Йўлдошев Қашқадарё вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси Қарши шаҳар бўлими бошлиғидир.

Шаҳар ҳокимияти биносида жойлашган ишхона билан уйнинг оралиқ масофаси чамаси бир километрлар чиқади. Бўлим бошлиғи гарчи автоулови бўлса-да, ишга яёв бориб-келишга одатланган. Йўл-йўлакай, ҳудудидаги кўпқаватли уйлар ва кўчаларнинг озодалигини назорат қилиб туради.

Ёши 52 да бўлса ҳам ўзидан анча ёш кўринадиган самимий ва одамшаванда Норча акани барча қаршиликлар яхши танийди ва алоҳида ҳурмат қилишади. Негаки, у ўз ишининг устаси бўлибгина қолмай, фидойи ва жонкуяр раҳбар. Яхши биласиз, вақти келса, бир оилада яшайдиган ота боласининг тилини тополмай ҳалак, йўриғига юргизолмайди. Қўл остидаги 4 та ходим ва 85 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари раисларини бошқаришнинг ўзи бўладими?! Жамоани бошқариш учун бошлиқда нафақат ташкилотчилик, балки раҳбарлик маҳорати ҳам бўлиши шарт!

Норча ака ҳам ана шундай ўз касбига меҳр қўйган, атрофидагиларнинг тилини топган дарёдил инсонлардан биридир. Ҳаётида тақдирнинг оғир синовларига бардош берган йигит, кўп қийинчиликларни бошидан ўтказгани учунми, сабр-қаноатли, яхшиликнинг қадрига етадиган бўлиб улғайди. Отаси Ҳусан ака 11 нафар фарзандини бировдан кам бўлмасин деб, кунни тунга улаб меҳнат қилди. Олтинчи фарзанди Норча пойтахтдаги политехника институтига кирганини эшитган куни ота-она хурсандчилиги ичига сиғмай тонггача мижжа қоқмай чиқишганди. Ўғиллари бир куни ўқишини битириб қайтса, катта бир ташкилотга раҳбар бўлишини яратгандан сўраб юрган ота-онанинг бошида синовли кунлар бошланди. Учинчи курсда ўқиётган Норчанинг юрагида ўзгариш бўлаётганини аниқлаган шифокорлар уни зудлик билан даволаниши кераклигини айтишди. Ота кучли дўхтирларга кўрсатиш умидида ўғлини олиб Москвага боришади. Узлуксиз текширувлар... муолажалар... олийгоҳдаги ўқиш ҳам қолиб кетади...

Соғлиги тиклана бошлаган йигит 1987–89 йилларда Шўртан нефть-газ тасарруфидаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи ширкатга чилангар бўлиб ишга киради. Шу давр мобайнида ширкат раҳбари вазифасига тайинланади. Юртимиз мустақилликка эришгач, тизимда катта ўзгаришлар юз берди. 1992 йилдан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси деб номланган ташкилотда саккиз йилча бўлим бошлиғи сифатида фаолият юритган йигит шу орада Қўқон нефть техникумини сиртдан битириб олди.

Қаҳрамонимиз ташаббус кўрсатиб, 2002 йилда Шўртан нефть-газ корхонасига қарашли кўп қаватли уйлардаги 580 хонадонни бирлаштирди ва “Нефтчи” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ташкил этди. Салкам ўн йил давом этган фаолиятида амалга оширган ишлари ҳақида сўраганимизда, Норча ака ўзи ҳақида гапиришни истамагандек сўз бошлади:

Дастлаб, 12 та кўп қаватли уйга 4 та болалар майдончаси қуриб бердик. Уйларнинг ташқи томони жорий таъмирланиб, замонавий кўриниш касб этди. 2006 йилда уйларнинг иссиқлик тизимини яхшилаш мақсадида ҳар 80 та хонадонга 1 тадан локал қозонхона ўрнатилди. Аҳамиятлиси, узоқ йиллардан бери қаровсиз ётган умумий ҳаммом қайта таъмирланиб, ширкатнинг маъмурий биносига айлантирилди.

Шунингдек, Норча Йўлдошев ширкат раҳбари сифатида мулкдорлар билан келишиб, ҳар бир уйнинг ҳолатига кўра, мажбурий бадал қийматини белгилади.

2011 йилда Қарши шаҳар ХУЖМШ уюшмаси раиси этиб тайинланган Норча ака 2017 йил Вазирлик ташкил этилганда Қашқадарё вилоят бошқармасининг Қарши шаҳар бўлими бошлиғи вазифасида ишини давом эттирди. Унинг раҳбарлиги даврида ширкатлар кесимида уйлар хатловдан ўтказилиб, аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида мажбурий бадалларни тўлашда ширкат ва аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Уйбошиларнинг кенгаши қарорига асосан ҳар бир ширкатдан кам таъминланган 7 тача хонадон коммунал тўловлардан озод қилинди. Кўп қаватли уйларнинг хавфсизилигини таъминлаш мақсадида кузатув камералари ҳамда ёритиш ускуналари ўрнатилди.

Н.Йўлдошев бугунги кунда аҳолининг мажбурий бадалларни тўлаш масаласи ҳали-ҳануз оқсаётгани ҳақида куюниб гапирди. Электр ва газдан фойдаланганлик учун тўловларнинг кечикиши Мажбурий ижро бюросига ўтказилганлиги сабабли, аксари кишилар ушбу тўловларни ўз вақтида адо этиб, МИБга ўтказилмаганлиги учун коммунал тўловларни муддатидан кечиктириб тўламоқдалар. Бўлим бошлиғи, юқоридаги муаммонинг сабаби, соҳа ходимлари мулкдорлар билан тарғибот-ташвиқот ишларини тўғри йўлга қўймаганлигидадир, дейди.

Жонкуяр коммуналчининг заҳматкашлиги ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланди. Аввало, 2000 йилда Шўртан нефть-газ корхонаси томонидан 5 хонали янги қурилган коттеж совға қилинган бўлса, кетма-кет “Мустақиллигимизнинг 20 йиллиги”, “Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги” эсдалик кўкрак нишони билан тақдирланди.

2019 йили соҳада кўрсатган самарали хизмати учун “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси” эсдалик нишони билан мукофотланди.

Оила соҳиблари Норча ака ва Юлдузхон опа бугунги кунда 6 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Деярли барчаси олий маълумотли, эл хизматидаги мутахассислардир. Дам олиш кунлари барча фарзандлар ва набираларнинг ота ҳовлига тўпланиши анъанага айланган. Билмаган киши бу ҳолатни кўриб, тўй бўляптимикан, деб ўйлаши табиий. Ҳа-да, тинч ва осойишта юртда, бахтиёр болалар даврасида бўлиш ҳақиқий тўй эмасми?!

Нурбек Қидиралиев,
журналист.             

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг