Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мавсумий грипп сабаб таълим жараёнини тўхтатишга асос йўқ – Нурмат Атабеков

Мавсумий грипп сабаб таълим жараёнини тўхтатишга асос йўқ – Нурмат Атабеков

Ҳозирда аксарият мамлакатлар қатори юртимизда ҳам мавсумий касалликлар тарқалиши кўпайган. Айниқса, болаларда бу жараён бироз оғир кечмоқда.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков Ўзбекистонда ўткир респиратор касалликлар тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазият ҳақида маълумот берди.

«Гап шундаки, биз ўткир респиратор инфекциялар тарқалиши занжирини узишга ҳаракат қилишимиз керак. Касаллик тарқалишида уч муҳим бўғин бор: касаллик манбаи, юқиш йўли, юқтиришга мойил организм.

Агар касалланган болаларни мактабга, боғчага, жамоат жойларига юбораверсак, улар бошқаларга инфекция юқтиришда давом этади.

Ҳар биримиз ўткир респиратор касалликлар, хусусан, гриппни юқтиришга мойилмиз. Шунинг учун ҳам ота-оналарга касаллик белгилари бўлган фарзандларини боғча ва мактабларга, олий таълим муассасаларига юбормасликни маслаҳат берамиз. Бундай пайтда шифокор кўрсатмасига асосан, уй шароитида зарур муолажаларни олиб бориш мақсадга мувофиқ», – дейди мутахассис.

Атабеков, шунингдек, бугунги кунда барча юқумли касалликлар шифохоналарида беморлар учун ўрин-жой ва зарур дори-дармонлар захираси яратилганини, аҳоли орасида мавсумий грипп ҳақида «янги пандемия» деган миш-мишлар асоссиз эканини таъкидлайди.

«Бу, ҳатто эпидемия ҳам эмас. Ўткир респиратор касалликлар тарқалиши пойтахтимизда ва юртимизнинг айрим ҳудудларида кўпроқ қайд этилаётгани касаллик тарқалиши эпидемик бўсағага етганига асос бўла олмайди. Шу сабабдан ҳам ўқув муассасаларида таълим жараёнини тўхтатишга етарли асос кўрмаяпмиз», – дейди Нурмат Атабеков.

Мутахассиснинг тавсия этишича, бундай вазиятда беморларни алоҳидалаш, уларни жамоат жойларидан узоқда тутиш лозим. Шу билан бирга беморлар мулоқот чоғида доим тиббий ниқобда бўлишлари, ижтимоий масофа сақлашлари, шахсий гигиенага қатъий амал қилишлари шарт.

«Шунингдек, касалликка қарши эмланиш унга қарши курашишнинг самарали усули эканини унутмаслик керак!  Мавсум олдидан юртимизда гриппга қарши вакциналарнинг етарли миқдори шакллантирилган. Айни пайтда хусусий эмлаш пунктларида ҳам 3 хил гриппга қарши вакцина мавжуд», – дейди мутахассис. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг