«Спиртли ичимликка ружуъ қўйган, доимий иш жойи йўқ»: маст ҳолда қизини калтаклаган аёл ҳақида маълумот берилди
Ижтимоий тармоқларда алкоголли ичимлик таъсирида бўлган аёл қизига шафқатсиз муомалада бўлаётгани акс этган видео тарқалган, шундан сўнг ҳолат зудлик билан болалар омбудсмани томонидан назоратга олиниб, аёл оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкинлиги билдирилганди. Аёлнинг ҳаракатларига баҳо бериш юзасидан туман ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани айтилганди.
Шундан сўнг Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги калтакланган 8 яшар қизча Тошкент шаҳар ИИББ вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига, унинг 30 ёшдаги онаси эса Тошкент шаҳар аёлларни реабилитация ва мослаштириш марказига жойлаштирилганини маълум қилганди. Ҳокимликка кўра, аёл доимий рўйхатда Тошкент вилоятида туради.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига кўра, қизини калтаклаган аёл турмуш ўртоғи билан бирга яшамайди, спиртли ичимликка ружуъ қўган.
«Доимий иш жойига эга бўлмаганлиги сабабли Тошкент шаҳридаги бир қатор туманларда кўп қаватли уйлардаги хонадонларнинг эгалари билан келишиб, уй йўлакларини тозалаб кунлик даромад топиши аниқланди», дейилади агентлик баёнотида.
Таъкидланишича, психолог ва педагоглар онаси томонидан хўрланган қизчанинг руҳий ҳолатини яхшилашга ҳаракат қилмоқда.
«Она ва болага ёрдам кўрсатиш мақсадида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг масъул ходимлари бириктирилиб, мазкур ҳолатнинг келиб чиқиши ва уни бартараф этиш юзасидан комплекс ўрганишлар давом эттирилмоқда», дея қўшимча қилган агентлик матбуот хизмати.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter