Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Машъум» 57-саволнинг яна бир «қурбон»и аниқланди

«Машъум» 57-саволнинг яна бир «қурбон»и аниқланди

Фото: «UzReport.news»

Бугун яна бир талаба Давлат тест марказини (ДТМ) судга бериб, ютиб чиққани ҳақида хабар тарқалди. Бу сафарги ғолиб Камола Ботирова бўлди. Ҳисоб бўйича бу саноқли ойларда ДТМнинг судда учинчи бош эгишидир.  Бироз муқаддам бухоролик Сарвиноз Ибрагимова, сал кейин жиззахлик Даврон Турсунов судни ютиб чиққан эди.

Камола 2018 йилда Тошкент давлат тиббиёт академиясига ҳужжат топшириб, тест синовларидан етарлича балл тўплагани айтилади. Бироқ у тўплаган балл контракт-тўлов асосида талаба бўлишига етади, холос. Давлат гранти асосида таҳсил олишига тест саволидаги хатолик сабаб бўлганини у ҳам судда исботлаб берибди. Эътиборлиси, ўтган иккита жараёнида Тошкент давлат тиббиёт академиясида давлат гранти асосида ўқишига тушов бўлган Камола Ботирова ҳам, Тошкент тиббиёт педиатрия институти «контракти»га ҳам илинтирилмаган Даврон Турсунов ҳам битта саволнинг қурбонига айлангани ойдинлашди.

Яъниким, биология фанидан қўйилган 57-саволининг («Озиқ занжирида видра (йиртқич ҳайвон), балиқлар, қисқичбақасимонлар ва сувўтлар бор. Учинчи тартиб консументларининг биомассаси 32 кг. бўлса, озиқ занжири барча компонентлари истеъмол қилган озиқнинг умумий биомассасини (кг.) аниқланг?») аслида тўғри варианти ёшлар белгилаганидек «А» (35520) жавоби бўлиб, ДТМ мутасаддилари ёпишиб олганидек «С» ( 35552) вариант эмас эди.

Хуллас, тўғри жавоб қайси экани исботланди. Энди мунозарага ўрин йўқ.

Суд қарорига кўра, ДТМ Камола Ботировани Тошкент давлат тиббиёт академиясида давлат гранти асосида таҳсил олишини таъминлаши шарт бўлса, Даврон Турсуновни Тошкент тиббиёт педиатрия институти талабалари сафига қўшиб қўйиши шарт. Бошқа йўл йўқ.

Бироқ қачон амалга оширади – бу савол ҳамон очиқ турибди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг